27 апрель куни соат 20:00дан 28 апрелгача соат 00:30га қадар Туркманистон ҳудудидан кучли шамол кириб келиб, республиканинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида сониясига 40 метргача тезликда шамол эсиши кузатилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, шамол натижасида 29 киши енгил, 1 киши оғир тан жароҳати олган бўлса, 1 киши ҳаётдан кўз юмди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумотига кўра, 27 апрель куни соат 21:30 ларда Бухоро шаҳри, Х.Мушкин кўчасида яшовчи Ў.А. (1978 й.т.) уйига келаётганда кучли шамол оқибатида ерга узилиб тушган электр симига эҳтиётсизлик билан урилиши натижаси вафот этган.

Енгил ва оғир тан жароҳати олган 5 нафар фуқаро тиббиёт муассасасига ётқизилган. 26 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилган.

Шунингдек, дастлабки маълумотларга кўра, ушбу табиий офат натижасида вилоят бўйича 5293 та бино, 415 та транспорт воситаси, 42,4 мингта дарахт талофот кўрган ва 295 та табиий газ ва электр таъминотида авариялар содир бўлган.

Содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича вилоят ҳокимликларида штаблар ташкил этилиб, фавқулодда вазиятларни баҳолаш комиссиялари келтирилган зарарларни аниқлаш ишларини олиб бормоқда.

Амалий тадбирларга ФВБлардан жами 704 нафар шахсий таркиб, 127 та автотранспорт воситаси, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва ички ишлар, соғлиқни сақлаш, коммунал ва бошқа тегишли хизматлардан масъул ходимларни жалб этган ҳолда талофат оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда, дейилади ФВВ хабарида.

Аввалроқ ҳодиса оқибатида 7 кишининг жароҳатлангани хабар қилинган эди.