2019 йили дунё бўйлаб давлатлар ҳарбий соҳага 1,9 трлн доллар сарфлашган, бу кўрсатгич 2018 йилга нисбатан 3,6 фоизга ўсган. Бу ҳақда Стокгольм Халқаро Тинчлик Тадқиқот Институти (SIPRI) ўзининг янги ҳисоботида маълум қилди.

Ҳисоботга кўра, 2019 йилдаги умумий ҳарбий соҳага йўналтирилган харажатлар 2010 йилдан бери энг катта йиллик ўсишни англатади. 2019 йилда харажатларнинг 62 фоизини ташкил этган бешта энг катта сарфловчилар АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Саудия Арабистони бўлишган.

«2019 йилдаги дунё бўйлаб ҳарбий харажатлар 2010 йилдагига нисбатан 7,2 фоизга ошди ва сўнгги йилларда ҳарбий харажатларнинг ўсиши тенденциясини яққол намойиш этди», деди доктор Нан Тиан, SIPRI тадқиқотчиси.

Қайд этилишича, АҚШнинг ҳарбий харажатлари 2019 йилда 5,3 фоизга ўсиб, 732 миллиард долларга етди ва бу глобал ҳарбий харажатларнинг 38 фоизини ташкил этди. НАТОга аъзо давлатларнинг умумий ҳарбий харажатлари эса 1 трлн доллардан ортиқ маблағни ташкил қилди.

2019 йилда Хитой ва Ҳиндистон мос равишда дунёнинг иккинчи ва учинчи энг катта ҳарбий сарфчилари бўлишди. Осиёнинг бу икки мамлакати биринчи маротаба ҳарбий харажатларнинг учталигига киришидир. Хитойнинг ҳарбий харажатлари 261 млрд долларга етди, бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 5,1 фоизга ўсган. Ҳиндистонниг ҳарбий соҳага харажатлари эса 6,8 фоизга ўсиб, 71.1 млрд долларга тенг бўлди.

Тўртинчи ўринни эгаллаган Россия ўзининг ҳарбий соҳага харажатларини 4,5 фоизга ошириб, умумий миқдорда 65,1 млрд доллар харажат қилган.

«Россиянинг ялпи ички маҳсулотининг 3,9 фоизини ташкил этувчи ҳарбий харажатлар 2019 йилда Европада энг юқори бўлди», дея таъкидлага SIPRI тадқиқотчиси Александра Куимова.

Бешталикни якунлаган Саудия Арабистони Яқин Шарқ минтақасидаги энг йирик сарфловчи бўлди. Унинг ҳарбий харажати 2019 йилда 61,9 млрд долларни ташкил этди. Бу кўрсатгич 2018 йилга нисбатан 16 фоизга камайган.

«Саудия Арабистони Ямандаги ҳарбий ҳаракатларини давом эттираётганлиги сабабли 2019 йилда ҳарбий харажатларнинг пасайиши кутилмаган бўлди», дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда Марказий Осиё мамлакатларидан фақатгина Қозоғистон ҳақида маълумот келтирилган. Қўшни мамлакат ўзининг ҳарбий соҳасига умумий ҳажмда 1,76 млрд доллар сарфлаган. Ўз ўрнида, бу кўрсатгич 2018 йилга нисбатан 19 фоиз ўсиш бўлиб, дунё ҳарбий харажатларнинг энг катта нисбий ўсиши рўйхатида Қозоғистон 14 ўринни эгаллаган.

Маълумот учун, ҳарбий харажатлар Европада (5,0 фоиз), Осиё ва Океанияда (4,8 фоиз), Америка (4,7 фоиз) ва Африкада (1,5 фоиз) ошган. Маълумотлар мавжуд бўлган Яқин Шарқдаги мамлакатларнинг умумий ҳарбий харажатлари 7,5 фоизга камайган.

Шунингдек, ҳарбий харажатларнинг ўртача юки Америка мамлакатлари учун ЯИМнинг 1,4 фоизини, Африка учун 1,6 фоизни, Осиё ва Океания ва Европа учун 1,7 фоизни ва Яқин Шарқ учун 4.5 фоизни ташкил этди.