27 апрель куни Қозоғистон президенти Қосим Жомарт-Токаев мамлакатда ўрнатилган фавқулодда ҳолат режимини 11 май кунига қадар узайтирди. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот хизмати хабар берди.

Президентнинг таъкидлашича, Қозоғистонда коронавирус инфекцияси ўзининг чўққисига етгани йўқ ва, шу муносабат билан, мамлакатда 16 март куни ўрнатилган фавқулодда ҳолат режими расман 11 май кунига қадар узайтирилади.

«Бир вақтнинг ўзида карантин чоралари олиб ташланса, биз касалликнинг янги тўлқинига дуч келамиз. Мазкур қарор ҳозирги мураккаб вазият билан боғлиқ. Қарорга мувофиқ, фавқулодда ҳолат 11-май куни якунланади, албатта, агар эпидемиянинг янги оммавий тарқалиши юзага келмаса. Умид қиламанки, бундай бўлмайди», — деди у.

Шу билан бирга, Қосим Жомарт-Токаев фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича Давлат комиссияси, биринчи навбатда, вирус тарқалиши билан боғлиқ вазият назорат остида бўлган туман ва шаҳарларда карантин режимини юмшатишга тайёрлигини маълум қилиб, Давлат комиссиясига пойтахт мисолидан келиб чиқиб, ўз фаолиятини республиканинг барча минтақаларида бошлайдиган ташкилотлар рўйхатини аниқлаш вазифасини берди.

Бунда, биринчидан, барча санитария меъёрларига риоя қилишни таъминланган ҳолда саноат корхоналари, қурилиш ва йўл қурилиши компаниялари, транспорт компаниялари, банклар, хизмат кўрсатиш марказлари бўлиши таъкидланди.

Шунингдек, ҳукумат иккинчи ой учун даромадларини йўқотган фуқароларга 42 500 тенге миқдорида ёрдам беришини ҳамда эҳтиёжманд оилалар озиқ-овқат пакетларини олишда давом этишини маълум қилди. Биринчи ойда 4 млн 250 минг киши бундай ёрдамни олган.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига коронавирус бўйича кунлик тест ўтказиш сонини 20−25 мингтага етказиш вазифаси қўйилган.

Бундан ташқари, вазиятнинг нисбатан барқарорлашишини ҳисобга олган ҳолда, ҳукумат 1 майдан бошлаб пойтахт ва Олмаота ўртасида авиарейсларни очиши ҳақида маълум бўлди. Бу фуқаролар учун ҳам, кўплаб мутахассислар, шу жумладан вирусга қарши курашда ишлайдиганлар учун ҳам зарурлиги таъкидланди.