Ўзбекистон Бош прокуратураси Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Толибжон Муҳамадиевга нисбатан ҳокимият вакилига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

«Газета.uz» аввал хабар қилганидек, ИИВ хабарига кўра, 15 апрель куни депутат «Қизилкўприк» блокпостида ЙХҲБ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, автомобилидан тушади ва унга қўли билан зарба беради. Сўнгра у инспекторнинг погони ва хизмат белгисини юлиб олиб, ерга ташлайди. Мазкур ҳолат бўйича ИИВ матбуот хизмати «Босар-тусарини билмай қолган депутат» сарлавҳаси билан видеолавҳа эълон қилди.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, Наманган шаҳар прокуратураси 16 апрель куни Толибжон Муҳамадиевни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга розилик бериш ҳақида Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашига тақдимнома киритади.

Шу куннинг ўзида мазкур тақдимномани кўриб чиққан Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши Толибжон Муҳамадиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат беради, бироқ эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этади. Мазкур ҳолат юзасидан Кенгашнинг розилиги асосида шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ 19 апрель куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган сессиясида Кенгашнинг аввалги қарори бекор қилиниб, Толибжон Муҳамадиевни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этилади.

21 апрель куни Наманган вилоят прокурори Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига шаҳар Кенгашининг иккинчи қарорини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритади.

Тақдимнома 25 апрель куни кўриб чиқилди. Шаҳар Кенгашининг 16 апрелдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилди (Толибжон Муҳамадиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этилди) ҳамда 19 апрелдаги қарори бекор килинди. Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ИИВ видеолавҳаси эълон қилинганидан кейин бир гуруҳ депутатлар ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга депутат билан боғлиқ ҳодиса видеотасвирини тўлиқ ҳолда эълон қилишни сўраб хат билан мурожаат қилишди.