Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 1 апрель ҳолатига кўра 34,03 млн кишини ташкил этиб, йил бошидан 131,6 минг кишига ёки 0,4 фоизга ўсди, дейилади Давлат статистика қўмитасининг демографик ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида.

Шаҳар аҳолиси 17,1 миллион кишини (жами аҳолининг 50,5 фоизини), қишлоқ аҳолиси эса 16,8 миллионни (49,7 фоиз) ташкил этди.

Энг кўп аҳоли Самарқандда — 11,4% (мамлакат умумий аҳолисидаги улуши), Фарғона — 11,1%, Қашқадарё вилоятида — 9,7% ва Андижонда — 9,2% қайд этилган.

Умумий аҳолининг 30,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58,7 фоизи — меҳнатга лаёқатли ва 10,5 фоизи — меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ташкил этади.

Январь-март ойларида 170,4 минг чақалоқ дунёга келгани рўйхатга олинди, 1000 аҳолига туғилиш 20,2 промиллени ташкил этди ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 0,8 промиллега ошди.

Ушбу даврда 37,5 минг ўлим қайд этилди, ўлим даражаси 4,4 промиллени ташкил этди ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 0,1 промиллега камайди. Қайд этилган ўлим ҳолатининг 62,4 фоизи — қон айланиш тизими касалликларидан, 9,3 фоизи — ўсимталардан, 5,5 фоизи — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 4,8 фоизи — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,3 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 1,4 фоизи — юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 12,3 фоизи — бошқа касалликлардан вафот этган.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача вафот этган болалар сони 2,1 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 51,1 фоизи — перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 23,9 фоизи — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 13,2 фоизи — туғма аномалиялардан, 4,0 фоизи — юқумли ва паразитар касалликлардан, 2,5 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 0,5 фоизи — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 4,8 фоизи — бошқа касалликлардан вафот этган.

Январь-март ойларида аҳолининг табиий ўсиши 132,9 минг кишини ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 10,3 минг кишига (2019 йилнинг январь-март ойларида 122,6 минг киши бўлган) ўсган.

ФҲДЁ органлари томонидан 49,5 минг никоҳ қайд этилди, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳ тузиш коэффициенти 5,9 промиллени ташкил этди. Энг юқори никоҳ коэффициенти Хоразм (10,8 промилле), Қорақалпоғистон Республикаси (7,8 промилле), Бухоро (6,9 промилле), Сурхондарё (6,6 промилле) вилоятларида кузатилди. Энг кам никоҳ тузиш коэффициенти эса Жиззах (4,5 промилле), Навоий (4,7 промилле) Наманган (4,7 промилле) Қашқадарё (5,1 промилле) вилоятларида кузатилди.

Январь-март ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 7,8 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коэффициенти 0,9 промиллени ташкил этди. Ҳудудлар бўйича энг юқори никоҳдан ажрашганлар коэффициенти Тошкент шаҳри (1,0 промилле), Андижон (0,9 промилле) Самарқанд (0,8 промилле) Тошкент (0,8 промилле) вилоятларида кузатилди. Энг кам никоҳдан ажрашганлар коэффициенти эса Қорақалпоғистон Республикаси (0,3 промилле), Жиззах (0,3 промилле), Навоий (0,3 промилле) ва Сирдарё (0,3 промилле) вилоятларида кузатилди.

Январь-март ойларида республика бўйича кўчиб келганлар сони 40,1 минг кишини (39,6 минг киши республика ҳудудларидан, 0,5 минг киши хорижий мамлакатлардан), кўчиб кетганлар сони эса 41,5 минг кишини (39,6 минг киши республика ҳудудларига, 1,9 минг киши хорижий мамлакатларга) ташкил этди. Миграция сальдоси минус 1,4 минг киши бўлиб, 2019 йилнинг мос даврида минус 1,4 минг киши бўлган.

Хориждан Ўзбекистонга кўчиб келганларнинг асосий қисми Қозоғистон (жами хорижга кўчиб келганларга нисбатан 34,1%), Тожикистон (28,6%), Россия (19,6%), Қирғиз Республикаси (7,1%), Украина (1,2%) ва бошқа мамлакатлар (9,4%) ҳиссасига тўғри келди.

Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон (жами хорижга кўчиб кетганларга нисбатан 64,8%), Россия (29,2%), Қирғиз Республикаси (0,9%), Исроил (0,9%), Тожикистон (0,8%), ва бошқа мамлакатлар (3,4%) ҳиссасига тўғри келди.