Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус ташхиси қўйилган 56 кишининг тўлиқ соғайгани хабар қилинди. Мамлакатда жами тузалганлар сони 763 нафарга етди.

Жумладан, Бухоро вилоятидан 50 нафар бемор инфекциядан тўлиқ халос бўлиб, реабилитацияга кузатилди. Соғайганнинг 44 нафари Россиядан, 6 нафари эса Туркиядан чартер рейслар орқали Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Улардан 43 нафари эркак, 7 нафари аёл. Энг ёши каттаси 59, энг ёши кичиги 5 ёшда.

Беморларнинг 9 нафари Самарқанд вилоятидан, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан 8 нафардан, 5 нафари Андижон вилоятидан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятидан 4 нафардан, 3 нафар Тошкент шаҳридан бўлса, Хоразм, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан 2 нафардан, Жиззах, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 59 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшли қизалоқ.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 210 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 260 нафарга етди. Ўзбекистонда беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича Тошкент шаҳридан кейин энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятидан қайд этилмоқда.

Шунингдек, Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 5 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 1 нафар бемор буткул соғайди.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 2 нафари Тошкент шаҳридан бўлса, қолган 3 нафари эса Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятидан. Улардан 2 нафари Москва — Тошкент йўналишида чартер рейс орқали келишган. Қолган 3 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 4 нафари эркак, 1 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 53 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 26 ёшда. Ушбу клиникада шу пайтга қадар 70 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 75 нафарга етди.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида соғайган 42 ёшли бемор (эркак) Тошкент шаҳридан бўлиб,коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 49 нафар бемор соғайган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқ мажмуасида илк бор коронавирусга чалинган 2 нафар бемор: яқинда фарзандли бўлган аёл ҳамда ҳомиладор аёл соғайиб чиқишди.

Биринчи бемор аёл 38 ёшда бўлиб, Наманган шаҳридан. Жорий йил 31 март куни Тошкент шаҳар перинатал марказида фарзандли бўлган. Онада коронавирус инфекцияси аниқлангач, 3-сонли туғруқ мажмуасига олиб келинган. Унинг фарзандида эса коронавирус инфекцияси аниқланмаган.

Ҳомиладор аёл эса 28 ёшда бўлиб, Самарқанд шаҳридан. У жорий йил 26 март куни Туркиядан Тошкентга келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси аниқлангач, 3-сонли туғруқ комлексига олиб келинган. Айни пайтда 32 ҳафталик ҳомиласи ривожланмоқда, дейилади хабарда.

26 апрель соат 18:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1869 нафарни ташкил қилмоқда.