«Маърифат» газетасининг Фарғона вилоятидаги мухбири Шарифа Мадраҳимова ва Учкўприк тумани ҳокимлиги ходими Шоҳжаҳон Мўйдинов билан боғлиқ ҳолат туман ҳокимлиги томонидан батафсил ўрганиб чиқилди, дея хабар берди Учтепа туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, Шоҳжаҳон Мўйдиновга нисбатан ички идоравий ўрганиш ўтказилиб, давлат идораларида ўрнатилган касб этикаси меъёрларини бузгани тасдиқланди.

Шоҳжаҳон Мўйдинов Учкўприк тумани ҳокимининг котиби вазифасидан озод этилди ва ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

«Журналист Шарифа Мадраҳимова ва ҳокимлик ходими ўртасида юз берган ҳолат туман ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади ва қўшимча маълумот берилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Учкўприк туман ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилган хабар асосида туман марказий Деҳқон бозорида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасидаги нархларни ўрганиш учун борган журналистга ўзини ҳоким котиби деб таништирган Шоҳжаҳон Мўйдинов қаршилик кўрсатиб, қўлларини қайирган ва телефонини олиб қўймоқчи бўлган эди. Шундан сўнг журналист икки соат давомида туман ИИБ биносида олиб турилган.