Телеграм мессенжерининг фаол фойдаланувчилари сони 400 миллионга етди. Бу бир йил олдингидан 100 миллионга кўп, деб ёзди компания блогида Телеграм асосчиси Павел Дуров.

«Ҳар куни камида 1,5 миллион янги фойдаланувчи Телеграмга аъзо бўлади. Биз 7 йил олдин Телеграмни ишга туширганимизда, одамлар ҳар доим чекловлар ва ўртамиёна нарсаларга нисбатан эркинлик ва сифатни танлашларини тахмин қилгандик. Шунинг учун ҳам, шубҳасиз, Телеграм — 20 дан ортиқ мамлакатларда энг кўп юклаб олинган ижтимоий медиа иловаси», — дейилади хабарда.

Павел Дуровнинг сўзларига кўра, ҳозирги дунё бўйлаб ўрнатилган яккаланиш тартиби ишончли видеоалоқа воситасига эҳтиёж борлигини намоён қилди.

«2020 йилда видеоқўнғироқлар 2013 йилдагига ўхшайди. Хавфсиз ёки фойдаланиш мумкин бўлган иловалар мавжуд, аммо иккаласи биттада эмас. Бу муаммони биз тузатмоқчимиз», — деди Дуров.

Шу мақсадда, бу йил Телеграм жамоаси хавфсиз гуруҳли видеоқўнғироқлар уюштиришга қаратилган технологияларни яратишга эътибор қаратади. Унинг ишга туширилиши 2020 йилнинг охиригача режалаштирилган.

Шунингдек, Дуров Телеграмда таълим муаммоларини ҳал этишга ҳам ҳисса қўшиш мақсадида барча фанлар ва даражалар учун тест синовлари маълумотлар базасини яратмоқчи.

«Ҳозирда 2 миллиард ўқувчи мактаблардан узоқда бўлганлиги сабабли, дунё онлайн ўқув воситаларига жуда муҳтож. Биз барча фанлар ва даражалар учун тест синовлари маълумотлар базасини яратиш орқали ушбу муаммони ҳал қилишга ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз», — деди Телеграм асосчиси.

Бунинг учун, ҳар ким Телеграмда @QuizBot орқали ҳар қандай қийинликдаги ва ҳар қандай тилда оригинал таълим тестини яратиш ҳамда нашр этиш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Павел Дуров пандемия тугагач, дунё олдинги ҳолатига қайтмаслигини ҳамда бунда технология инсониятга қанчалик фойдали эканлигини исботлаш даври келганини маълум қилган эди.