24 апрель куни Хитой миллий космик агентлиги биринчи Марсни тадқиқ қилиш миссиясининг номи Tianwen-1 бўлишини эълон қилди.

Хабарга кўра, Tianwen номини олган Хитойнинг сайёраларни ўрганиш дастури номи «самовий ҳақиқатни излаш» деган маънони англатади. Дастур Чу қироллигининг машҳур қадимги шоири Ку Юан томонидан ёзилган шеърга бағишланиб номланган. Шеърда юлдузлар ва бошқа самовий жисмлар ҳақида саволлар берилган.

Хитой миллий космик агентлиги келажакда Хитойнинг барча сайёраларни тадқиқ қилиш миссиялари Tianwen деб номланишини ҳам маълум қилди. Агентликнинг таъкидлашича, бу ном хитой халқининг ҳақиқатга тинимсиз интилишини, мамлакатнинг табиат ва коинотни тушунишдаги маданий меросини, шунингдек, фан ва техникадаги доимий изланишларни англатади.

Хитой биринчи Марсга учувчисиз тадқиқот миссиясини 2020 йилда бошлашни режалаштирган. Айнан шу йилнинг танланиши эса Хитой ўзининг биринчи сунъий йўлдоши Dongfanghong-1 парвозини муваффақиятли амалга оширганига 50 йил тўлгани билан боғлиқ. Мазкур тадқиқот миссия давомида космик агентлик томонидан Марс сайёрасининг тупроғи, геологик тузилиши, атроф-муҳити, атмосфераси ва сув манбалари ҳақида илмий тадқиқотлар ўтказилиши кўзда тутилган, дейилади хабарда.

Маълумот учун, 2003 йили Хитой собиқ Совет Иттифоқи ва АҚШдан кейин ўз ракетаси билан самога одам чиқарган учинчи мамлакат ҳисобланади. Шу боис, Хитой Россия ва АҚШни ортда қолдириб, 2030 йилга келиб йирик космик кучга айланишга мақсад қўйган.