Бугун Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида об-ҳаво қуруқ ва илиқ бўлади. Кундузи ҳарорат 28−30, жанубда эса 32−34 даражагача исийди, дея хабар берди Ўзгирдромет матбуот хизмати.

Фақат республиканинг шимолий туманларига ғарбий Қозоқистондан кам нам ва нисбатан салқин ҳаво кириши давом этади. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида айрим жойларга ёмғир ёғади, шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метргача кучайиши мумкин. Ҳарорат 17−20 даражагача пасаяди.

Кечга яқин республиканинг жануби-ғарбий туманларига Туркманистондан нам оқим киришни бошлайди, шанба куни эса нам ҳаво оқими деярли бутун мамлакат ҳудудига тарқалади. Барча вилоятларда ҳаво булутли бўлади, бугун кечқурун ва кечаси Бухоро, Навоий вилоятларида, эртага кундузи Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида, республика шимоли ва жанубида асосан кучсиз маҳаллий ёмғир ёғади. Момақалдироқ бўлиши ва шамолнинг тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузги ҳарорат 22−25 даражагача пасаяди.

Ҳар доим баҳорда кузатилганидек, об-ҳавонинг бундай ўзгариши қисқа муддатли бўлади, якшанбада ҳаво яна очилади, ёғингарчиликсиз ва кам булутли бўлади. Ҳарорат тез кўтарилиб, кундузги соатларда 27−30 даражага етади, дейилади хабарда.

Душанбада ҳам республика ҳудудида об-ҳаво худди шундай кам булутли ва қуруқ бўлади. Ҳарорат кўтарилиши давом этади, душанба куни кундузи 32−34 даражани, жанубда 35−37 даражани ташкил қилади. Эслатамиз, энг иссиқ йилларда апрель ойида ҳарорат 35−37, жанубий ҳудудларда эса 37−39 даражани ташкил қилган.