Ўзбекистон коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш учун халқаро молия институтларининг 3,1 миллиард доллар миқдоридаги кредитларини жалб қилиш ниятида. Тегишли қарорни президент Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни имзолади.

Ҳужжат билан пандемиянинг салбий оқибатларини бартараф этиш учун грантларни жалб қилиш ва узоқ муддатли имтиёзли молиялаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Ушбу маблағлардан соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга — 277,5 миллион доллар, тадбиркорлик ва банк тизимини қўллаб-қувватлашга — 700 миллион доллар, давлат бюджетига — 1,8 миллиард доллар, коммунал ва энергетика корхоналарига 300 миллион доллар йўналтирилади.

Ўзбекистон маблағларни жалб қилмоқчи бўлган молиявий институтлар рўйхатига Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилма инвестиция банки киритилган.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон коронавирус пандемиясига қарши курашда кўмаклашиш учун Халқаро валюта жамғармасидан 375 млн доллар олишни мўлжаллаётганини маълум қилган эди.