Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларга электрон рақамли имзо калити ва сертификатини махсус ахборот ресурси орқали бериш механизми жорий қилинди. Бу ҳақда солиқ кўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга қўра, ушбу давлат хизматидан мурожаат этувчи ҳали электрон рақамли имзо сертификатига эга бўлмаган ҳолларда хам фойдаланиш мумкин.

Мурожаат этувчининг шахсини тасдиқлаш ва сўровномадаги маълумотлар тўғри тўлдирилганлигини текшириш Давлат хизматлари маркази оператори томонидан қуйидаги тартибда амалга оширилади:

— сўровномада кўрсатилган мобил телефон рақами мурожаат этувчига тегишлилиги;

— мурожаат этувчининг паспорт нусхаси ва селфи фото нусхаси орқали паспорт маълумотларининг тўғрилиги;

— мурожаат этувчининг СТИР орқали ДСҚ ахборот тизимидаги маълумотларни сўровномадаги маълумотлар билан солиштириш орқали текширади.

Мурожаат этувчининг шахсини тасдиқлашда селфи фото жуда муҳим ҳисобланади. Бунда, илова қилинаётган фотосурат нусхада мурожаатчи юз қиёфаси «анфас» шаклда ва тиниқ кўринган ҳамда паспортнинг асосий саҳифаси барча символлари ўқиб бўладиган сифатда бўлиши шарт.

Акс ҳолда сертификатни беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома берилади. Мурожаат этувчи рад этиш сабабларини бартараф этгандан сўнг, такроран мурожаат этиши мумкин бўлади.

Электрон рақамли имзони e-imzo.uz орқали масофадан олиш бўйича батафсил қўлланмани ушбу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Давлат солиқ қўмитасининг рўйхатга олиш маркази карантин даврида муддати тугаган электрон рақамли имзо калитини интернет орқали реал вақт режимида янгилаш имкониятини жорий этган эди.