Зироат Мирзиёева раислигидаги «Zamin» халқаро жамоат фонди ўз фаолиятини 5 минг аёлга моддий ёрдам беришдан бошлади. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар берган.

Фонд томонидан лойиҳаларга жалб қилинган маблағлар карантин даврида оғир аҳволда қолган аёллар ва оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилиши бўйича қарор қабул қилинган. 5 млрд сўм миқдоридаги хайрия маблағи Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги ёрдамга муҳтож 5 минг нафар аёлга йўналтирилган.

«Хавфсиз ва ўз вақтида берилган ушбу ёрдам қийин кунларда умидсизликка тушиб қолганларга умид бахш этсин, меҳр ва мурувват ойи бўлмиш муқаддас Рамазон ойида уларнинг оилалари ва яқинларига илиқлик, қувонч ва табассум ҳадя қилсин», — дея изоҳ берган васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева.

«Zamin» халқаро жамоат фонди нодавлат нотижорат ташкилот сифатида Ўзбекистонда рўйхатга олинган.

Фонднинг мақсади — мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш. Фонд шиори — «Бирга замин яратамиз!»

«Zamin» фондининг фаолияти узоқ муддатли, стратегик аҳамиятга эга ва барқарор лойиҳалардан иборат 4 йўналишга қаратилган:

  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида ҳамкорлик;
  • ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
  • ижтимоий ривожланишга инновацион ишланмаларни татбиқ қилиш ва ижтимоий соҳадаги лойиҳаларни молиялаштириш;
  • эшитиш қобилияти заиф болаларнинг яшаш шароити таълим шароитларини яхшилаш.

Фонд маблағини халқаро ташкилотларнинг грантлари, халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг хайрия маблағлари ва жисмоний шахсларнинг хайриялари каби асосий манбалар шакллантиради.