Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев деҳқон ва ишлаб чиқарувчиларга мурожаатида нарх-навони ошириш мутлақо мумкин эмаслигини маълум қилди. Давлат раҳбари чоршанба куни бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида деҳқонлар ва ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилди.

Президентнинг сўзларига кўра, нарх-навонинг ошиб кетмаслиги бўйича бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев шахсан шуғулланмоқда.

«Нарх-навонинг ошиб кетмаслиги бўйича… Бош прокурор фақат нарх-наво билан шахсан шуғулланяпти. Шу билан бирга, деҳқонларимизга ҳам, ишлаб чиқарувчиларимизга ҳам мурожаат қилаяпмизки, нарх-навони мутлақо ошириш мумкин эмас. Нимага десангиз, уларга қўлимиздан келганча давлат кўмак бераяпти. Улуғ айём рўза ойимиз (Рамазон — таҳр.) бошланяпти. Рўза ойида нархлар ошади деган гаплар бор эди бир вақтлар… бунга йўл қўймаслик керак», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқларини барқарор ишлатиш шартлигини таъкидлаб ўтди.

«Бир вақтнинг ўзида ҳам соғлиқни сақлаш керак, ҳам иш билан таъминлаш керак. Биз ҳеч қачон мана шундай оғир масалаларни, кўндаланг турган иккита-учта вазифаларни бирданига ечмаганмиз. Лекин ҳаётнинг ўзи бизга шуни мажбур қиляпти», — деди у.

Президент дунёда ҳозирда қабул қилинаётган ҳам тиббий, ҳам иқтисодий масалалар бўйича тўғри ечим ҳеч кимда йўқ эканини таъкидлади.

«Ҳеч қайси давлат айта олмайди: бу — энг тўғри тиббий ечим, бу — энг тўғри иқтисодий ечим, деб. Шунинг учун мен яна бир марта айтаман, биз изланишдамиз, ўзимизнинг тажрибамиздан келиб чиқиб яккаю ягона тўғри қарорни ўзимиз қабул қилишимиз керак. Шунинг учун масъулият ва жавобгарлик ҳаммамизда», — деди давлат раҳбари.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, прокуратура органлари озиқ-овқат, дори-дармон, зарур товарлар билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, бозор ва дўконлардан узоқ жойларда озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил этиш, нархлар барқарорлиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини сунъий равишда оширилмаслиги устидан назорат олиб бормоқда.

Карантин бошланганидан буён прокурорлар томонидан 1131 та ҳолатда нархларнинг асоссиз оширилгани бўйича 1025 та маъмурий баённома чиқарилиб, натижада маҳсулотларни 2,3 млрд сўмга арзонлаштирилган нархда сотиш имконияти яратилди.

Тошкент прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримов Юнусобод деҳқон бозорида . Сурат: Тошкент прокуратураси.

Тошкент прокуратураси мунтазам равишда ижтимоий тармоқларда назорат органлари раҳбарларининг бозорларга, дўконларга, ярмаркаларга ташриф буюриб, «карантин ва санитария қоидаларига риоя қилиш, савдо-сотиқни ташкил этиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича ишларни» ўрганаётгани тўғрисида фотосуратлар ва хабарларни чоп этмоқда. Шунга ўхшаш тадбирлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.