Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида Nexia ҳайдовчиси чўпон ва унинг подасини уриб юборди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса 21 апрель куни соат 02:00 да Бойсун тумани «Темирдарвоза» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 39 автомобиль йўлининг 1334-километрида содир бўлган. 23 ёшли ҳайдовчи С. П. «Термиз-Тошкент» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган вақтда ушбу йўналиш бўйича қўйларни ҳайдаб кетаётган пиёда 28 ёшли А.Қ., унинг 21 бош қўйи ҳамда 10 бош қўзисини уриб юборган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида А.Қ. тан жароҳати олиб ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Бойсун туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.