Ўзбекистон халқаро молия институтларидан коронавируснинг салбий оқибатларини енгиб ўтиш учун энг камида 1,625 млрд доллар кредит маблағларини олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

У Молия вазирлиги ҳузурида коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатишга қаратилган Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилганини эслатиб ўтди. Халқаро молия институтлари кредитлари унинг асосий молиялаштириш манбалари этиб белгиланди. Ҳукуматга 2020 йилда давлат бюджетини ва Инқирозга қарши жамғармани молиялаштириш учун 1 млрд долларгача миқдорда ташқи қарзларни жалб қилиш топширилди.

«Халқаро валюта жамғармаси ўзи аслида, ҳукуматларга кредит бермайди, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб улар ҳам 375 млн доллар беришига келишиб олдик. Ундан ташқари Жаҳон банки 750 млн доллар, Осиё банки 500 млн доллар ва ҳоказо», — деди Жамшид Қўчқоров.

Бош вазир ўринбосари бу маблағларнинг асосий қисми ҳали етиб келмагани, бироқ Ўзбекистон давлати ўзининг етарли молиявий куч-қудратига эга эканлигини таъкидлади. Шумладан, у сўнгги уч йилда олтин-валюта захиралари 3 млрд долларга ошганини қайд этиб ўтди.

Аввалроқ молия вазири Тимур Ишметов кредит маблағларининг тўрт ой давомида келиб тушишини маълум қилган эди.

«Биз маблағларнинг апрель охиридан келиб тушишни бошлашини кутяпмиз. 1 млрд доллардан кўпроқ кредит маблағлари май, июнь ва июлда қисм-қисм бўлиб тушади. Бунга қадар харажатларни қоплаш учун бир қисм маблағларни бюджетдан, бир қисмини — аввалги кредитлар қолдиқларидан олдик», — деган эди Молия вазирлиги раҳбари.

Айни вақтга қадар Инқирозга қарши кураш жамғармасига давлат бюджети, ҳомийлик маблағлари, халқаро молия институтлари грантлари ва кредитлари ҳисобидан 3,5 трлн сўм келиб тушган.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш тизимини, ижтимоий ҳимоя институтлари ва муассасаларини ҳамда бюджет кўмагини молиялаштириш учун 1,2 млрд АҚШ доллари миқдорида маблағларни оператив тарзда ажратиш масаласи фаол кўриб чиқилаётганини билдирган эди.