Жаҳон банки Ўзбекистонга иккита лойиҳани молиялаштириш учун жами 295 млн АҚШ доллари ажратишини тасдиқлади. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 22 апрель куни Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — ташқи савдо ва инвестициялар вазири С. Умурзоқов Жаҳон банки Гуруҳи вице-президенти С. Мюллер ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича янги вице-президенти А. Бьерде ва Банкнинг Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича масъул ходимлари иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

«COVID-19 коронавируси инфекциясига шошилинч жавоб» лойиҳаси учун 95 млн доллар миқдорида ва «Ўзбекистонда бозор ислоҳотларининг барқарорлигини таъминлаш» лойиҳасини қўшимча молиялаштириш учун 200 млн доллар миқдорида қарз битимлари бўйича музокаралар муваффақиятли якунланган бўлиб, ушбу ташаббусларни молиялаштиришни тасдиқлаш яқин кунларда кутилмоқда.

Мулоқот чоғида С. Мюллер «Дўстлик» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги қарор учун Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорчилик билдириб, ушбу орден Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган Жаҳон банки жамоасининг муваффақиятли ишини тан олишини билдиришини, ўзаро муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги кўлами ва ҳамкорликка алоҳида ишонч даражасини англатишини таъкидлади.

Шунингдек, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича янги вице-президенти, жорий йилнинг 1 май ойидан ўз фаолиятини бошлаши кутилаётган А. Бьерде иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий динамикаси ҳамда мамлакатни жадал ривожлантириш учун кенг истиқболлар мавжудлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон билан бевосита ҳамкорлик қилиш имконига эга бўлганидан хурсанд эканлигини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш тизими, ижтимоий ҳимоя институтлари ва муассасаларини ҳамда бюджет кўмагини молиялаштириш учун 1,2 млрд доллар миқдорида маблағларни оператив тарзда ажратиш масаласи фаол кўриб чиқилаётганини билдирган эди.