21 апрель куни БМТ Бош ассамблеяси янги коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун дори-дармонлар, вакциналар ва тиббий ускуналарни ишлаб чиқаришни ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тезлаштиришга қаратилган глобал ҳаракатларга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар берди.

Мексика томонидан ишлаб чиқилган мазкур резолюция БМТ Бош котиби Антонио Гутерришдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан яқиндан ишлашни талаб қилиб, дунё бўйлаб барча муҳтож инсонлар учун, айниқса ривожланаётган мамлакатларда тест ўтказиш, тиббий буюмлар, дори-дармонлар ҳамда келажакда коронавирус вакциналари яратилганда, уларни ўз вақтида ва тенг равишда таъминланиши илгари сурилган.

Шунингдек, резолюцияга мувофиқ, давлатлар хавфсиз, самарали ва ҳамёнбоп ҳаётий зарур дори-дармонлар, вакциналар ва шахсий ҳимоя воситаларидаги спекуляцияга чек қўйишга, мавжуд етишмовчилик сабабларидан бири бўлган тиббий буюмларнинг ҳаддан ташқари захираларини яратишдан воз кечишга чақирдилар.

Қайд этиш жоизки, Бош Ассамблея пандемия пайтида ўз мажлисларини видеоконференция шаклида ўтказмоқда. Ассамблеянинг янги қоидаларига биноан резолюция лойиҳаси аъзо давлатларга тарқатилади ва агар бирон бир мамлакат белгиланган муддатдан олдин эътироз билдирса, резолюция бекор қилинади. Бош ассамблея президенти Тижжани Муҳаммад-Банде 21 апрель куни БМТнинг барча 193 аъзо давлатлари мазкур резолюцияни эътироссиз бир овоздан қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Бош ассамблеянинг резолюциялари қонуний кучга эга эмас, лекин дунё ҳамжамиятининг фикрини акс эттиради ва резолюция тавсияларига риоя қилиш ҳар бир давлат учун ихтиёрий.