Республика махсус комиссиясининг қарори билан нодавлат нотижорат ташкилотларга (ННТ) енгилликлар берилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг расмий канали хабар берди.

Қарорга кўра, ННТларнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларининг аккредитация карточкасининг амал қилиши карантин даври муддатига узайтирилади.

ННТлар коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ мақсадлар учун чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш бўйича ариза беришса, уларнинг мурожаати уч иш куни ичида кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, давлат мулкини ижарага олган ННТлар учун карантин даврида ижара тўлови «ноль» ставкада қўлланилади.

Махсус комиссия аъзолик бадалини тўлаш мажбурий бўлган ННТлар учун бадалларни тўлаш муддати карантин даври муддатига узайтирилишини тавсия қилди.