«Маърифат» газетасининг махсус мухбири ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими аъзоси Шариф Мадраҳимованинг сўзларига кўра, у озиқ-овқат ярмаркасини суратга олгани учун Фарғона вилояти Учкўприк тумани Ички ишлар бўлимида ушлаб турилган. Ёзиб олиш жараёнида ҳоким котиби телефонини ундан тортиб олишга уринган, ИИБга ташрифдан кейин эса қурилмасидаги ёзувлар ўчирилгани маълум бўлди.

Ҳодисадан аввалФото: Учкўприк туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

15 апрель куни Учкўприк туман ҳокимлиги матбуот хизмати маҳсулотлар нархлари юқори экани ҳақидаги хабарларга жавоб тариқасида «Деҳқон бозори» ҳудудида доимий фаолият кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилгани ҳамда туман марказидан олис ҳудудлар ва кўп қаватли уйлар атрофида кўчма дўконлар фаолияти йўлга қўйилганини маълум қилди. Хабарда картошка 3500 сўм, сабзи 1000 сўм, тухум 600 сўм, ўсимлик ёғи 38 минг сўм, ун 3 минг сўм, макарон 5 минг сўм, шакар 5800 сўм, гўшт 40 минг сўмдан сотилаётгани келтириб ўтилган.

Мазкур хабар остидаги изоҳларда Шарифа Мадраҳимова кўрсатиб ўтилган нархлардан ажабланиб, ушбу хабар қилинишидан бир кун аввал сабзини 2000 сўм, шакарни 6500−7000 сўмдан олганини айтади. Яна бир фойдаланувчи эса тухумни 900 сўм, картошкани эса 5500 сўмдан олганини маълум қилди. Бошқа бир фуқаро ҳокимият келтириб ўтган нархларни тасдиқлади.

Бунга жавобан Учкўприк тумани ҳокими Акмал Махмудалиев ярмарка 8 мартдан буён ўтказиб келинаётганини айтди. У журналистга маҳсулотларни бошқа жойдан сотиб олишни таклиф қилди. У етказиб беришда қисқа узилишлар бўлиши мумкинлигини тан олди, аммо маҳсулотлар пасайтирилган нархларда сотилишини таъкидлади. Маъмурият раҳбари баъзи «нопок» тадбиркорлар вазиятдан фойдаланиб қолишга уринаётганини маълум қилди.

Акмал Маҳмудалиев, шунингдек, хусусий тадбиркорларга маҳсулотларни қандай нархларда сотиш кераклигини айтиш қийинлигини таъкидлади, чунки улар исталган жойда товар сотиб олиб, оширилган нархларда сотиши мумкин. Аммо ярмаркаларда (шанба ва сешанбдагиа) нархлар барқарор бўлиб қолади, деди у.

Туман маъмурияти раҳбари ҳар қандай вақтда унга шикоятлар билан қўнғироқ қилишни сўради.

Нархларнинг текширилиши

Шарифа Мадраҳимова Human.uz нашрига берган интервьюсида ҳокимнинг сўзларини текшириб кўриш учун ярмаркада видеотасвирга олишга қарор қилган.

Журналист ярмаркада тасвирга олаётган вақтда ҳоким котиби Шоҳжаҳон Мўйдинов унинг қўлини қайириб, телефонини тортиб олишга ҳаракат қилади, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмайди. У ички ишлар органлари ходимини ёрдамга чақиради. ИИБ ходими ўзини таништириб, аёлдан шахсига аниқлик киритиш учун ИИБга олиб боришади. У ерда Шарифа Мадраҳимовадан журналистлигини тасдиқловчи ҳужжат кераклигини айтишади.

«Улар „Марифат“ газетаси гувоҳномасини кўриб, сиз газетага ёзар экансиз, газетанинг журналисти экансин, нимага „сёмка“ қиляпсиз, деб сўрашди. Ўзбекистон Конституциясининг 29-моддасига кўра ҳар ким ахборот олиш, излаш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, дедим. Журналист бўлмаган тақдиримда ҳам мен Ўзбекистон фуқароси сифатида ахборот олиш ҳуқуқига эгаман, дедим. Мақсадингиз нима деб сўрашди, ҳокимнинг сўзларига жавоб бериш, дея жавоб бердим. Тўхтанг, ундай бўлса ҳокимдан сўраймиз, дейишди, лекин ҳоким видеоселекторда экан, жавоб бермади. Шундан кейин ички ишлар бўлимида мени турли баҳоналар билан икки соатга яқин ушлаб ўтиришди», — деди у.

ИИБдаHuman.uz интервьюсидан лавҳа.

Унинг сўзларига кўра, у «жиноий қидирув бўлимида» Акмалжон Мадраҳимовнинг хонасидаушлаб турилган. Ундан ташқари хонада яна бир аёл жияни билан бор эди. Журналист унинг сўзларини тасдиқлашлари мумкинлигини айтди.

«Шоҳжаҳон Мўдинов менга газетада ишлаб туриб бекорга видеога олганимни айтди. Кейин улар журналист гувоҳномасининг ҳақиқийлигини текширишлари кераклигини айтишди, чунки унда амал қилиш муддати кўрсатилмаган», — деди мухбир.

Шарифа Мадраҳимова уларни Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси, айни вақтда Фарғона вилояти ҳокимиятининг матбуот котиби бўлиб ишлаётган Муҳаммаджон Обидов билан боғлаган. ИИБ ходимларининг сўзларига кўра, у ҳужжат ҳақиқий эмаслигини айтиб, «журналистга қандай чора кўрсанглар кўраверинглар» деган.

Журналистнинг таъкидлашича, ИИБ ходими Акмалжон Мадраҳимов телефонни ундан олиб қўйган ва уни кўчага беришини, чунки ИИБ биносида телефон олиб юриш мумкин эмаслигини айтган.

«Бир дақиқадан кейин қайтишларини айтишди. Аммо улар Учкўприк тумани ИИБ бошлиғи ўринбосарининг хонасига киришди. У ердан 15−20 дақиқадан сўнг чиқишди ва телефонни қайтариб беришди. Мени бу ерда ушлаб турмасликлари ёки менга қарши қонуний чоралар кўришлари кераклигини айтдим. Улар ҳокимдан жавоб кутаётганларини айтишди. Мен: „Бу ерда қонун ҳокимми? Нега ҳокимдан жавоб кутяпсиз?“ — деб сўрадим. Мен ИИБ бошлиғи номига ариза ёзиш учун оқ қоғоз беришларини сўрадим. Ёзишни бошлаган эдим, тўхтатишди ва кетишим мумкинлигини айтишди», — деди мухбир.

Human.uz интервьюсидан лавҳа.

ИИБ биносидан чиққанидан кейин журналист телефонидаги видеоёзув ўчирилганини аниқлаган. Ярмаркага қайтиб борса, ярмарканинг тарқатиб юборилганига гувоҳ бўлади. Деҳқонлар олиб келган маҳсулотларини сотиш учун йўл четлари, бурчакларда савдо қилишга мажбул бўлганини қайтганидан кейин тасвирга туширган видеоёзув орқали кўрсатиб берди.

«Хулоса чиқариш керак»

Шарифа Мадраҳимова ариза ёзиб, кимнидир жавобгарликка тортиш мақсади йўқлигини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, у ҳозирги пандемия шароитида ҳамма нарсани тўғри тушуниш керак.

«Ундан ташқари, қилинган ишларнинг югур-югури кўп бўлади. Битта аризанинг орқасидан йиллаб ёки ойлаб югурадиган даражада вақти кўп одам эмасман. Мен бу масалани жамоатчиликка етказиб қўйдим, прокуратура, ички ишлар, ҳокимият вакиллари балки ўзларига хулоса чиқаришар», — деди у.

«Менинг мақсадим кимнидир жазога тортиш ёки кимнидир ишдан бўшатиб юбориш эмас. Адолат қарор топиши керак. Ҳамма нарсани ўз оти билан аташимиз керак. Ҳамма нарса шаффоф бўлиши керак. Ишончли, асосли, шаффоф хабарлар бериш керак. Журналистларга тўсиқ қўйилмаслиги керак», — дея таъкидлади Шарифа Мадраҳимова.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимлар ўз ҳаракатлари билан президентга бўлган ишончга зарар етказишмоқда.

«Агар рост гапиришга тўсиқ бўлса, рост гапирмасин, лекин ҳеч қачон ёлғон гапиришмасин. Ҳокимият — президент билан халқ ўртасидаги кўприк. Одамлар хулоса чиқаради: ҳокимият шунақа қиляптими, демак юқорида ҳам, демак президент ҳам шунақа қилади. Акс ҳолда булар ўзича бунақа иш қилмасди, деган хулоса чиқаришади», — деди журналист.