2019 йил якунларига кўра, 55 давлат ва ҳудудлардаги 135 миллион киши озиқ-овқат хавфсизлиги тақчиллигининг оғир шаклидан азият чекмоқда, дейилади ФАОнинг Озиқ-овқат инқирози тўғрисидаги йиллик глобал ҳисоботида.

Бундан ташқари, ушбу давлатларда 75 миллион бола бўй ўсишида муаммога эга, 17 миллиони эса озғинликдан азият чекмоқда.

Бу илк ҳисобот эълон қилинган 2017 йилдан буён озиқ-овқат хавфсизлиги етишмовчилиги ва тўйиб овқатланмаслик бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

47 давлатда 183 миллионга яқин киши ўткир очлик чегарасида бўлиб, улар COVID-19 пандемияси сингари тебранишлар ёки стресс омиллари таъсирида ўта оғир ҳолатларга тушиш хавфи остида қолмоқда.

Ҳисоботда келтирилган 135 миллион кишининг ярмидан кўпроғи (73 миллиони) Африкада, 43 миллиони — Яқин Шарқ ва Осиёда, 18,5 миллиони эса Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳавзасида яшайди.

Асосий таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида қуролли можаролар, ноқулай об-ҳаво шароитлари ва иқтисодий инқирозлар санаб ўтилган.

Мазкур сабаблар, шунингдек, тўйимли ва хилма-хил овқатланиш, хавфсиз сув, санитария ва соғлиқни сақлаш имкониятларининг йўқлиги, келгусида болалар орасида тўйиб овқатланмаслик даражасининг ўсишига олиб келади. COVID-19 пандемияси вақтида эса соғлиқни сақлаш тизими катта босим остида қолади.

Пандемия одамлар ҳаёти ва озиқ-овқат хавфсизлигига, айниқса, нотурғун шароитларда, хусусан норасмий қишлоқ хўжалигида ва қишлоқ хўжалигининг бошқа секторларида ишлайдиган аҳолининг энг заиф қатламларига жиддий зарар етказиши мумкин. Ҳисоботда таъкидланишича, глобал инқироз озиқ-овқат таъминоти занжирини жиддий равишда бузади.

Тадқиқот муаллифлари, шунингдек, коронавирус тарқалиши, айниқса озиқ-овқат инқирозига кўпроқ мойил бўлган мамлакатларда ижтимоий ва сиёсий тартибсизликлар учун шароит яратиши мумкинлигини таъкидламоқда.

«Пандемия оқибатларининг ноаниқлиги, ҳаракатланишдаги чекловлар, ишсизликнинг ошиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг чекланганлиги ҳамда яшаш учун маблағларнинг етишмовчилиги ёки мутлақо мавжуд эмаслиги норозилик, зўравонлик ва низоларни келтириб чиқариши мумкин», — дейилади ҳисоботда.

Экспертлар мамлакатларни заиф аҳоли қатламларининг даромад манбалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун агроозиқ-овқат тизимини сақлаб қолиш учун ҳозирданоқ эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.