Телеграм асосчиси Павел Дуров карантин одамлар учун ўз устида ишлаш, технологиялар учун эса инсониятга қанчалик фойдали эканлигини исботлаш даври деб атади. Бу ҳақда у ўз Телеграм каналида ёзди.

«Ҳозирги пандемия инсониятга таҳдиддир. У тугагач, дунё олдинги ҳолатига қайтмайди. Биз цивилизация ўзгаришига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Янги дунё биз қолдириб кетганимиздан кўра яхшироқ жой бўлишини таъминлаш барчамизнинг вазифамиздир», — деди Дуров.

Маълум қилинишича, апрель ойида Телеграм эълон қилган anti-covid19 лойиҳаси асосида 17 мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан юритилаётган расмий янгиликлар манбаларини текшириб чиқди ва уларни тарғиб қилди. Улар қаторига Ўзбекистоннинг @koronavirusinfouz канали ҳам киритилган.

Дуровнинг сўзларига кўра, Телеграм ҳукуматлар билан камдан-кам ҳамкорлик қилади, аммо бу сафар компания коронавирус пандемияси ҳақида ёлғон хабарлар тарқалишига курашишга қарор қилди.

«Телеграм компанияси нафақат пандемиянинг олдини олиш ва тасдиқланмаган маълумотларнинг тарқалишига қарши курашиш учун, балки олдинга силжишнинг янги усулларини топиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз керак, деб ўйлайман», — деди Телеграм асосчиси.

Шу сабабли, телеграм ахборот ёрдами етказиш қаторида, якка тартибда таълим муаммоларини ҳал этишга ҳам ҳисса қўшишга ҳаракат қилади, дея таъкидлади Дуров. Кейинчалик бу ҳақда батафсил маълумот берилиши айтилган.