Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти XVI асрга мансуб Хўжа Калон масжиди ва минораси олдида таъмирлаш ишлари олиб борилгани ҳақидаги хабарларга аниқлик киритди.

Маълумотга кўра, Бухоро вилояти хокимлиги томонидан мазкур ёдгорлик олдида жойлашган ховузни таъмирлаш ишлари Маданий мерос департаментининг махсус рухсатномасиз амалга оширилган. Шу муносабат билан 14 апрель куни Бухоро вилоят Маданий мерос инспекцияси томонидан Бухоро шаҳар хокимлигига Хўжа Калон масжиди олдида таъмирлаш ишлари тўхтатилиши лозимлиги тўғрисида хат киритилган.

Воқеа юзасидан Маданий мерос департаменти ўрнатилган тартибда ҳужжатларни Бош прокуратурасига тақдим этади, дейилади хабарда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги қарорига мувофиқ, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий ҳудудлар, тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос рўйхатига киритилган ҳудудларда таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос департаментидан махсус рухсатнома асосида амалга оширилади.

Маълумот учун, Бухоро шаҳридаги Хўжа Калон масжиди ва минораси 1573−1579 йилларда қўрилган бўлиб, маданий мерос рўйхатига киритилган объектдир.