«Барселона» футбол клубининг директорлар кенгаши 2020−2021 йиллар мавсумида «Камп Ноу» майдонининг номини ўзгартириш ҳуқуқини Barça Foundation жамғармасига топширишни маъқуллади, дейилади Барселона футбол клубининг расмий сайтида.

Ушбу қарор Каталонияда ва дунёнинг бошқа мамлакатларида COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича олиб борилаётган илмий изланишларни молиялаштириш учун пул тўплаш мақсадида қабул қилинган.

Хабарга кўра, «Барселона» клуби ва «Барса» жамғармаси гуманитар инқироз даврида коронавирус пандемияси ва унинг оқибатларига қарши курашиш учун барча имкониятлардан фойдаланиши зарур деб ҳисоблайди. Шу сабабли, кейинги бир неча ҳафта ичида Барса Жамғармаси бир мавсумга «Камп Ноу» майдонининг номини ўзгартириш ҳуқуқини олишни истаган ҳомийни топиш жараёнини бошлайди.

Шунингдек, хабарда қайд этилишича, майдон «Камп Ноу» деб номланишда давом этади, аммо ҳомийнинг исми ҳам унга қўшилади.

Маълумот учун, «Камп Ноу» — «Барселона» футбол клубининг мезбон майдони ва Европада энг катта футбол майдонларидан бўлиб, 99 мингдан ортиқ ўринга эга. Майдон 1957 йилда очилганидан бери унинг ҳомийси бўлмаган.