Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокимияти томонидан «Маърифат» газетаси мухбири Шарифа Мадраҳимованинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳодисани ўрганди. Бу ҳақда агентлик раҳбари в. б. Дилшод Саиджонов маълум қилди.

Журналистнинг мурожаатини ўрганган АОКА туман ҳокимлик вакиллари ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» ва «Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар ҳамда Жиноят кодекси нормалари бузилиши эҳтимоли юзасидан вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилди. Ҳозирги вақтда Бош прокуратура масалани ўрганмоқда ва натижалари бўйича ўз қарроини билдиришни режалаштирмоқда.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати давлат идораларидан халқ билан яқин мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг сўровлари, муаммолари ва таклифларига ўз вақтида жавоб беришни талаб қилади. Ушбу мулоқотни олиб боришда ОАВ ва блогерлар беқиёс рол ўйнайди, улар халқимизга ахборот етказишда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига катта ёрдам кўрсатмоқда. Улар, шунингдек, давлат идоралари матбуот хизматининг таянчи ҳисобланади», — дея қайд этди Дилшод Саиджонов.

«Aгентлик барча давлат идоралари ахборот соҳасида мамлакат қонунчилигини ҳурмат қилишлари ва конструктив танқидни тўғри қабул қилишлари шарт деб ҳисоблайди, чунки ОAВ ва блогерлар идораларнинг обрўси ва ҳаракатларига путур етказиш мақсадида танқид қилишмайди, балки шу орқали уларга фуқароларнинг маълум муаммоларини кўришларига имкон бериш учун, давлат органлари фаолиятидаги, хусусан жамиятни хабардор қилишдаги хатолар, камчиликлар ва уларни халқимиз манфаатларига мос равишда тезда бартараф этиш учун меҳнат қилишади», — деди АОКА раҳбари.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам ушбу масала бўйича ҳам ҳолатни қонун доирасида батафсил ўрганиб чиқишни ҳамда журналистга нисбатан босим ўтказиш ҳолати аниқланган тақдирда мутасаддиларга тегишли тартибда чора кўрилишини сўраб Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат йўллади.