Наманганда коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, 14 апрель куни Наманган шаҳрида яшовчи Г. оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижасида унда коронавирус инфекцияси борлиги тасдиқланган. 54 ёшли ушбу бемор (аёл) олдин ҳам гипертония ва қандли диабет ташхиси билан сурункали касалланиб келган. Ушбу касалликлари ҳисобига у 17 апрель куни вилоят юқумли касалликлари шифохонасининг реанимация бўлимига олинган.

Беморнинг шу кунгача кунлик аҳволи мамлакатимиздаги мазкур соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассис шифокорлари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган.

Бироқ мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор вафот этди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси асоратларидан вафот этганлар сони 7 нафарга етди.