Жиззах вилоятида 19 апрель куни тахминан 07:20 да ВАЗ-21063 ҳайдовчиси Б. У. тўрт ёшли У. С.ни уриб юборди, дея хабар берди Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Ҳодиса Зомин туманидан ўтувчи 4Р-34 автомобиль йўлининг 49 километрида қизча йўлнинг ўнг томонидан чап томонига ўтаётган вақтда содир бўлган. У тан жароҳатлари билан туман тиббиёт муассасасига етказилган, бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан вафот этган.

Ҳолат юзасидан Зомин тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.