2018 йил 1 декабрдан Гурлан тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Салаев Алишер Рўзметович Тупроққалъа тумани ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тасдиқланди, дея хабар қилди ЎзА.

Туман маркази Питнакда бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тупроққалъа тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқлди.

Шунингдек, Гайбиев Султанбай Мухамаджанович туман прокурори, Аллаберганов Ихтиёр Бахтиёрович туман ички ишлар бўлими бошлиғи, Султанов Иномжон Икромович туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимларига тайинланди.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 11−12 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Тупроққалъа туманини қайта ташкил этиб, ҳудудни янада ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Шунга мувофиқ 24 март куни Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси қарори қабул қилиниб, қайта тикланаётган туманнинг ҳудуди белгиланди.

Хабарда қайд этилишича, мазкур туман таркибига кирувчи ҳудудлар Ҳазорасп туманига қўшилганига қарийб 22 йил бўлди. Бироқ, шу даврда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан анча ортда қолиб кетди. Аҳолининг турмуш шароитида туб ўзгаришлар сезилмади. Хусусан, 54 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда умумтаьлим мактабларини, ўрта махсус, касб-ҳунар таьлими, тиббиёт ва мактабгача таълим муассасалари ҳамда ички йўллар масалалари шу даврларда эътибордан четда қолиб келган. Маданият, спорт, тадбиркорлик соҳалари ривожланмади.