Ўзбекистон бош давлат санитария назоратчиси Нурмат Отабеков коронавирус учун лаборатория текширувларида Ўзбекистондаги хусусий тиббиёт муассасалари иштирок этмаслигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон нодавлат тиббиёт муассасаларига 1 сентябрга қадар короновирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилгани ҳақида хабар қилинганди.

«Коронавирус ташхиси бўйича тўлиқ ҳажмда тадқиқотлар ўтказиш учун соғлиқни сақлаш тизими ва Санитария-эпидемиология фаровонлиги агентлигининг лабораториялари етарли. Коронавируснинг лаборатория диагностикаси билан боғлиқ барча харажатлар мамлакат бюджети ҳисобидан қопланади», — деди Нурмат Отабеков 20 апрель куни бўлиб ўтган брифингда.

21 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги коронавирусга қарши кураш бўйича штаб вакили Ҳабибулла Оқилов ҳам хусусий тиббиёт муассасаларини жалб қилишнинг ҳожати йўқлигини айтди.

«Хусусий клиникаларни жалб қилиш имконияти махсус комиссия томонидан кўриб чиқилган, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг лаборатория кучлари текширилганда, уларнинг имкониятлари етарли эканлиги аниқланди. Ҳозирги вақтда хусусий клиникаларни COVID-19 бўйича таҳлилларни ўтказишга жалб қилишнинг ҳожати йўқ», — дея таъкидлади у.

Ўзбекистонда коронавирус учун 150 мингдан ортиқ синов ўтказилган, яқин кунларда уларнинг сони 500 мингга етказиш режалаштирилган. «Фақат максимал синов қамрови аста-секин карантин шароитини сусайтиради», деди Хабибулла Оқилов.

Президентнинг 26 мартдаги қарори билан тиббиёт муассасаларига истисно тариқасида коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморларга тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилган эди.