Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги қишлоқ хўжалиги дастури координатори, қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича етакчи иқтисодчи Сергий Зоря «Газета.uz»га берган интервьюсида коронавирус пандемияси Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавсизлигига қандай таъсир қилаётганлиги, озиқ-овқат маҳсулотлари миллий бозори ва маҳаллий экспорт қилувчилар учун қандай хатарлар пайдо бўлганлиги ҳақида гапириб берди.

Коронавирус пандемиясининг жаҳонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга таъсири

Пандемия натижасида жаҳон иқтисодиётига умумий кўламда ва хусусан қишлоқ хўжалигига етадиган зарарнинг аниқ миқёсини айтиш хозирча қийин. Аммо глобал миқёсда вируснинг мазкур соҳага таъсири шу пайтгача жуда паст даражада.

Жумладан, кўпчилик мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган дон экинларининг (буғдой, маккажўхори ва гуруч) нархлари жаҳон бозорларида бугунги кунда барқарорлигича қолмоқда. Қайд этиш лозимки, дон экинларининг 2019 йилда жаҳондаги етиштирилиши кўлами ва якуний захиралари аввалги йилларнинг кўрсаткичларига нисбатан юқори ҳамда 2008−2009 йиллардаги умумжаҳон озиқ-овқат инқирози даврига нисбатан юқорироқ бўлган.

Ҳозирги вақтда алоҳида ҳукуматлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро савдосига киритилаётган чекловлар, ички ва ташқи бозорлардаги якуний истеъмолчиларга етказиб бериш занжирларининг узилишига олиб келувчи логистика билан боғлиқ қийинчиликлар, шунингдек жорий этилаётган карантин чоралари натижасида мамлакат ичида қишлоқ хўжалигидаги ишчи кучи ҳаракатланишининг чекланиши жаҳон қишлоқ хўжалиги учун асосий хатарлардир.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хозирги вазият ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш

Шу вақтга қадар Ўзбекистонда пандемия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларда жиддий узилишларга олиб келмади. Баҳорги экин мавсуми муваффақиятли ўтиши, мева-сабзавотчилик маҳсулотларининг янги ҳосили истеъмолчиларга тўсиқларсиз етиб бориши, соҳа ходимлари ўз иш жойларига нисбатан эркин етиб олишлари учун ҳукумат барча зарурий чораларни кўрмоқда.

Маҳаллий бозор пандемия келтириб чиқарган ваҳимага озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши билан жавоб берди. Аммо уларнинг асосий турлари, масалан маҳаллий буғдой ва ун учун, нархлар хозирги кунда кўтарилган бўлса ҳам, улар унчалик юқори эмас. Бундан ташқари, биз дўконларнинг пештахталари ва бозорларнинг расталари маҳсулотга тўла эканлигини, маҳаллаларда озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш шохобчалари очилаётганини, кўпгина сотувчилар эса маҳсулотларни уйгача етказиб бериш хизматларини таклиф этаётганини кўрмоқдамиз.

Албатта, мамлакатнинг айрим ҳудудларида озиқ-овқат маҳсулотларининг баъзи турлари бўйича тақчиллик юзага келиши мумкинлигини истисно этмаслик лозим, аммо маҳаллий ҳокимиятлар ушбу масалани ҳал қилиш учун етарли даражада тезкор чоралар кўрмоқдалар.

Мисол учун, Андижон вилоятида маҳаллий ишлаб чиқарилган ун етишмовчилиги тўғрисида хабарлар бўлди. Ҳақиқатдан ҳам, карантин даврида вилоятлардаги ун тегирмонларига буғдой ва озиқ-овқат дўконларига ун етказиб бериш ҳажмларини ошириш керак ва бу ҳукумат томонидан амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, истеъмолчилар ваҳимага берилмасликлари ва унни ҳаддан ташқари катта ҳажмларда харид қилмасликлари лозим. Ўзбекистонда буғдой захиралари керагидан ҳам ортиқроқ, бундан ташқари, июнь ойида дон экинлари янги ҳосилининг терими бошланади, бу эса маҳаллий ишлаб чиқарилган ун захираларини қўшимча ошириш имкониятини беради.

Юқорида айтиб ўтилган, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ички бозорда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни қўллаб-қувватламоқда. Шакар, ун ва ўсимлик ёғидан ташқари Ўзбекистон, умуман олганда, озиқ-овқат импортига боғланиб қолмаган. Бу йилги мавсумнинг асосий вазифаси бутун мамлакат бўйлаб фермерлар маҳсулотларини ўз вақтида экиб, ҳосилини йиғиб олишларидан иборат.

Импорт қилувчи мамлакатлардаги иқтисодий вазиятнинг ўзгариши натижасида маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотлари экспортчилари учун мавжуд хатарлар

2020 йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун мавжуд хатарлар орасида маҳаллий мева-сабзавотчилик маҳсулотларининг экспорти билан боғлиқ мураккабликларни айтиб ўтиш мумкин. Сўнги уч йил мобайнида ушбу маҳсулотларнинг экспорт ҳажмлари 570 млн АҚШ долларидан 1,3 млрд долларгача ўсди. Лекин маҳаллий сабзавотлар ва меваларнинг асосий импортчилари бўлган Россия ва Қозоғистондаги аҳолининг харид қилиш қобилияти пасайиши, шунингдек уларнинг миллий валюталари девальвацияси муносабати билан мазкур маҳсулотларга бўлган талабнинг пасайиши кутилмоқда.

Айни вақтда, Ўзбекистондан келтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўпгина ҳолатларда рақобатчиларнинг, дейлик Туркия ва Чили давлатларидаги, маҳсулотларидан арзонроқ нархларда сотилиши 2020 йилда Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотларга талабнинг нисбатан ўсишига олиб келиши мумкин. Аммо ҳозирги босқичда мева-сабзавотчилик маҳсулотларининг маҳаллий экспортчилари учун қандайдир муайян прогнозлар қилиш мушкул.

Коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ва бандликнинг ўсиш суръатига таъсири

2020 йилда мазкур соҳадаги ўсиш, Ўзбекистоннинг бутун иқтисодиёти каби, катта эҳтимол билан секинлашади (Жаҳон банкининг прогнозларига мувофиқ, мамлакат иқтисодиётининг ўсиши жорий йилда 5.7% дан 1.6% га пасаяди — таҳ.). Айни пайтда аграр соҳанинг ўсиши бошқа соҳалар билан таққослаганда ўртачадан юқорироқ бўлади, чунки пандемия даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори бўлиб, миллий иқтисодиётнинг бошқа соҳалари тўғрисида бундай деб бўлмайди.

Кузги буғдой экини яхши қишлаб олди ва дон экинларининг ҳосили ўтган йилги ҳажми 6 млн тоннага етган ҳосилдан кам бўлмайди. Пахта кластерларининг яхши тайёргарлиги сабабли пахтани экиш жараёни меъёрида ўтмоқда.

Бундан ташқари, фермерларга уруғларни, ёнилғи-мойлаш материалларини ва ўғитларни ўз вақтида етказиб бериш учун «яшил йўлакчаларни» яратишдаги ҳамда буларни харид қилиш учун имтиёзли кредитларни ажратишдаги давлат ёрдамини ҳам инобатга олиш зарур. Яқин орада картошка, мева ва сабзавотлар ҳосилини териб олишнинг асосий мавсуми бошланди ва барча фермер хўжаликлари бунга ўз тайёргарликларини бошлаб юбордилар.

Соҳадаги ўсиш суръатининг пасайишига ва муайян даражада бандликнинг камайишига ҳисса қўшувчи омиллар, аввалроқ айтиб ўтганимдек, импорт қилувчи мамлакатлардаги мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига бўлган талабнинг камайишидан иборат. Пандемия келтириб чиқарган иқтисодий инқироз натижасида даромадларнинг ҳамда меҳнат муҳожирлари томонидан пул ўтказмаларининг камайиши натижасида Ўзбекистон аҳолисидаги харид қилиш қобилиятининг пасайиши хам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳосил теримига жалб этиладиган иш кучининг, айниқса мамлакатнинг бошқа вилоятларидан қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга келувчи фуқароларнинг ҳаракатига вақтинча чекловлар ўрнатилиши ҳам соҳадаги ўсишнинг секинлашувига ҳисса қўшади.

Алоҳида мамлакатлар томонидан озиқ-овқат экспортининг қисқартирилиши ёки тўхтатилиши билан боғлиқ Ўзбекистон учун хатарлар

Апрель ойининг бошида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ-хўжалиги дастури (ФАО), Жаҳон соғлиқни-сақлаш ташкилоти (БССТ) ва Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) раҳбарлари озиқ-овқат таъминотида узилишларнинг олдини олиш мақсадида дунё мамлакатларини халқаро савдога чекловлар ўрнатилишига йўл қўймаслик учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чорладилар.

Дарҳақиқат, алоҳида ҳукуматлар ўз озиқ-овқат хавфсизликларини таъминлаш мақсадида қатор озиқ-овқат маҳсулотларига нисабатан вақтинчалик чекловлар ўрнатдилар. Жаҳон банки ФАО, ЖССТ ва ЖСТ хавотирига қўшилган ҳолда ҳисоблайди-ки, ҳукуматлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро савдоси учун тўсиқлар яратаётган мамлакатларда экспорт чекловлари озиқ-овқат таъминоти муаммосини ҳал этмайди.

Булар бевақт жавоб чораларидир, айниқса пандемия шундоқ ҳам жаҳон бозорлари учун кўплаб хатарлар ва ноаниқликлар келтириб чиқаришини инобатга оладиган бўлсак. Жаҳондаги озиқ-овқат захиралари ҳар қачонгидан ҳам катта эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъқиқ ўрнатиш ҳожатсиз зарар келтиради, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларига нархларнинг кўтарилиши ҳамда инқирознинг аҳоли учун иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини фақат оғирлаштиради.

Хусусан, Қозоғистон томонидан жорий йилнинг 1 апрелидан буғдой ва ун учун экспорт квоталарининг ўрнатилиши Ўзбекистондаги вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин. Ушбу мамлакатдан буғдойни экспорт қилиш учун квота апрель ойига ҳукумат томонидан 200 минг тонна миқдорида белгиланган, ун экспорти учун эса 70 минг тонна миқдорида. Экспорт квоталари истеъмолчи мамлакатларга, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам, ушбу турдаги маҳсулот импортининг камайишига олиб келади. Лекин мазкур чекловларнинг салбий таъсири Ўзбекистон учун кичик ва вақтинчалик бўлади. Буни қандай тушунтириш мумкин?

Биринчидан, март ойида Ўзбекистон жорий йилнинг январь ва февраль ойларига нисбатан икки баравар кўпроқ ҳажмда Қозоғистон буғдойи ва унини импорт қилди ва шу орқали яқин муддат учун етарлича захира ҳосил қилди. Маҳаллий ун ишлаб чиқарувчи заводлар ҳам ўтиш даври учун ун захираларига эга.

Иккинчидан, Ўзбекистонда давлат ғалла захиралари ва резервлари апрель ойи бошига 1 млн тоннадан иборат бўлиб, улардан 750 минг тонна ун олиш мумкин. Маълумот учун, мамлакатда ўртача ойлик ун истеъмоли 300 минг тоннадан ошмайди.

Учинчидан, Ўзбекистон Қозоғистон томонидан белгиланган экспорт квотаси чегарасида буғдой ва ун импортини давом эттириши мумкин. Ва ниҳоят, ғалланинг янги ҳосили Ўзбекистонда июнь ойида йиғиб олинади. Аввалроқ айтиб ўтганимдек, бу маҳаллий ун захираларини кўпайтириб олишга имкон беради.

Шундай қилиб, Ўзбекистон 2020 йилни ун ва нон маҳсулотлари учун барқарор нархлар билан ўтказишини кутиш мумкин.

Кўпроқ фойда келтирувчи мева-сабзавот экинларини қисқартириш ҳисобига ғалла етиштириш майдонларини эҳтимолий кенгайтириш тўғрисида

Дарҳақиқат, буғдой етиштирувчи мамлакатлар томонидан дон маҳсулотларининг экспортига чекловлар ўрнатилиши Ўзбекистон ҳукуматининг 2021 йилда ғалла майдонларини кенгайтириш тўғрисидаги қарорига таъсир кўрсатиши хатари мавжуд.

Лекин хозирги босқичда бу эҳтимолдан узоқ ҳолат ва мамлакат учун умуман зарур бўлмаган чора. Ғалла майдонлари 1,3 млн гектар ерни ёки мамлакатдаги барча суғориладиган ерларнинг 35%ни эгаллаган. Шунинг учун, ҳудуд жиҳатидан шундоқ ҳам етарли даражада улкан бўлган ғалла экадиган майдонларни эмас, балки ғалланинг ўртача ҳосилдорлигини ошириш керак.

Бундан ташқари, Қозоғистон томонидан буғдой экспортига чекловлар ўрнатилиши — бу вақтинчалик чора. Мамлакат ушбу турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи жаҳондаги энг йирик ўнталикка киради ва уни сотишдан тийилиш давлат учун манфаатли эмас. 2019 йил Коғозистонлик ишлаб чиқарувчилар учун камҳосил бўлди. Жумладан, буғдой сўнги йиллардаги кўрсаткичдан 20%га камроқ етиштирилди. Бу эса экспортнинг 25%га қисқаришига олиб келди. Буғдойнинг паст даражадаги ҳосили ички бозордаги ун нархларининг кўтарилишига сабаб бўлди ва бу коронавирус пандемиясига жавоб тариқасида Қозоғистон ҳукумати томонидан карантин чекловларини киритишидан анча аввалроқ рўй берди.

Бундан ташқари, шу ойнинг ўзида жаҳон бозорида нефть нархларининг кескин тушиб кетиши ЯИМнинг 20% нефть ва газ соҳасига тўғри келувчи Қозоғистон бюджети учун улкан зиён олиб келди. Бу ҳукуматнинг молиявий имкониятларини ва, натижада, инқироз даврида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш салоҳиятини чеклаб қўйди. Мазкур ҳолатларнинг барчаси мамлакатда буғдой ва ун экспортига вақтинчалик чекловларни киритишга олиб келди.

Қозоғистон томонидан амалга оширилган, юқорида айтиб ўтилган ҳаракатларнинг сабаблари нималардан иборат бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистон ушбу вазиятдан тегишли хулоса чиқариши керак. Бу каби ҳолатларга тезкор жавоб бериш учун ишончли озиқ-овқат захиралари зарур, айниқса мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун стратегик аҳамиятга эга бўлган буғдойнинг захиралари.

Ўзбекистон давлатнинг стратегик ғалла захиралари ҳажмини ошириш ҳамда 2021 йилда ғалла учун давлат буюртмаси тизимини бекор қилиш муносабати билан уни етиштириш механизмларини такомиллаштириш борасида келгуси ишларни амалга ошириши лозим. Мазкур соҳадаги давлат назоратидан воз кечиш фермерларни ўз меҳнатлари самарадорлигини оширишга рағбатлантиради, бу эса етиштириладиган ғалланинг сифати ва ҳажмига ижобий таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, уруғчилик йўналишига қўшимча давлат инвестициялари ҳамда дон ҳосилдорлиги ва сифатини оширувчи замонавий технологияларни харид қилишда фермерларга кўмак бериш зарур.

Иқтисодий инқироз шароитларида ислоҳотлар тақдири

Коронавирус пандемияси юзага келтирган бугунги иқтисодий инқироз қишлоқ хўжалигидаги ёки Ўзбекистон иқтисодиётининг бошқа соҳаларидаги бошқарувнинг аввалги маъмурий-буйруқбозлик усулларига қайтиш учун баҳона сифатида фойдаланилмаслиги, шунингдек иқтисодий ислоҳотларнинг сўнгги бир неча йил мобайнида эришилган ижобий натижаларини бекор қилиш учун сабаб бўлиб қолмаслиги муҳим аҳамият касб этади.

Аграр соҳада давлатнинг тартибга солувчи вазифасини камайтириш, бунда бозор механизмларини жорий этиш, уни янада диверсификация ва модернизация қилиш ҳамда маҳаллий ва ҳорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ишларни давом эттириш зарур.

Ушбу чоралар маҳаллий фермерлар ва агрокорхоналарнинг даромадларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва уларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳисобига ўсишига олиб келади. Жаҳон банки юқорида санаб ўтилган мақсадларга эришиш учун ҳукуматга молиявий ва техник кўмак беришни давом эттиради.

Ўзбекистон учун ушбу мураккаб даврда Жаҳон банки коронавирус пандемиясининг аҳоли саломатлиги учун, уларнинг ижтимоий фаровонлиги учун, тадбиркорлик ва умуман миллий иқтисодиёт учун оқибатларини юмшатиш борасидаги ҳукумат саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бошқа халқаро ҳомийлар билан ишлашни ҳам давом эттиради.