17 апрель куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфларга қабул қилиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳукумат қарори билан мазкур синфларга мактабларнинг 6-синфини муваффақиятли якунлаган, чуқурлаштирилган фанлардан қобилиятини кўрсата олган ўғил ва қизлар танлов асосида қабул қилинади. Мактабларнинг ихтисослаштирилган синфларида ўқиш муддати 5 йилдан (7−11-синфлар) иборат бўлади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган синфларга 6-синфни битирган 30 нафар ўқувчи қабул қилинади. Номзодлардан тегишли ҳужжатлар 1−20 июль кунлари қабул қилинади.

Жисмоний тайёргарлик синовлари 21 июль — 5 август, тегишли фанлар бўйича тест синовлари 15−25 август кунлари оралиғида ўтказилади. Жисмоний тайёргарлик синовлари якунлари бўйича 100 баллик тизимда 70 ва ундан юқори балл тўплаган номзодлар тест синовларига қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2017 йил 17 ноябрдаги қарорига кўра, республикада 56 та мактабда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар фаолият юритмоқда. Ҳар бир ҳудудда 4 тадан. Жумладан, Тошкентда бундай синфлар Яшнобод туманидаги 161, Яккасарой туманидаги 172, Юнусобод туманидаги 58 ва Олмазор туманидаги 326-мактабларда ташкил этилган.