Ўзбекистонда нақд хорижий валюта тақчиллиги йўқ, бўлмайди ҳам, дея маълум қилди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 19 апрель куни davletovuz Telegram-канали муаллифи Қобил Хидировга берган интервьюсида.

Аввал хабар қилганимиздек, доллар курсининг сўмга нисбатан курси кескин ортиши натижасида 10 апрелдан мамлакатда хорижий валютага бўлган талаб кескин ошган эди.

«Марказий банкнинг Нью-Йорк федерал банки билан шартномаси бор. Мана биз яқинда ҳам 200 млн доллар олиб келдик. Ҳар бир тижорат банкининг ўзи олиб келиши керак эди аслида. Транспортда узилишлар бўлгани учун биз олдиндан 200 млн долларни олиб келиб қўйдик. Ҳозир шундан қайси банк менга нақд валюта керак, деса, биздан олади», — деди у.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Федерал захира банкининг Англия ва Европа Иттифоқида нақд пул билан таъминлайдиган махсус хизматлари мавжуд. Марказий банк ўшалар орқали валютани олиб келиб, тижорат банкларига етказиб бермоқда.

Мамаризо Нурмуродов Марказий банк ушбу жараёнга аралашмаганида эди, март ойида Грузия ва Украинада кузатилгани каби хорижий валюта тақчиллиги рўй бериши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

«Агар биз — Марказий банк аралашмаганимизда, бизда ҳам бўлиши мумкин эди. Чунки ҳар бир тижорат банки ўзига керак бўлган валютани четдаги тижорат банкидан олиб келади. Яъни, бевосита ўша пулни эмитент қиладиган Федерал захира банкидан эмас», — деди у.

«Биз ҳар ҳафта нақд валюта қанча керак бўлса шунча олиб келаверамиз — унда муаммо бўлмайди», — дея маълум қилди Мамаризо Нурмуродов.

Марказий банк тижорат банклари талаблари асосида 5 май куни яна 400 млн доллар олиб келишни мўлжалламоқда.