20 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1565 нафарда сақланиб қолди. Бу ҳақда мамлакатнинг бош давлат санитария назоратчиси Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган маълумотида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентдаги учта тиббиёт муассасасида 371 киши даволанмоқда, улардан 78 нафарида клиник пневмония белгилари мавжуд.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 94 бемор даволанмоқда, 24 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 83 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 194 бемордан 54 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Ҳозирги вақтга келиб, 92 минг фуқаро карантин муддатини стационар ва уй шароитида ўтаяпти.

Ўтган кун давомида коронавирус учун 11,8 мингта тест ўтказилди. Асосий мақсад касалликни аниқлаш ва инфекция ўчоқларини аниқлашдир, деди Нурмат Отабеков.

Маълумот учун, коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 225 кишини ташкил этмоқда. Беш киши ҳаётдан кўз юмган.