15 апрелдан 5 майга қадар Тошкент шаҳрида йўловчиларни шаҳарда енгил автомобилларда ташиш фаолияти учун лицензия варақалари бериш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Махсус комиссиянинг қарорига асосан, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида юқоридаги лицензия варақаларига эга бўлган автотранспорт воситалари фақатгина йўловчиларсиз, етказиб бериш хизмати (курьер, доставка, кейтеринг) билан шуғулланиши белгиланди.

Улар томонидан фақатгина озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм воситалари, шунингдек биринчи навбатда зарур маҳсулотлар ташилади. Бундан ташқари ҳолатларда яъни, йўловчи ташиш ёки фуқаролар билан боғлиқ бошқа фаолиятлар билан шуғулланган тақдирда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилади.

Маълумотга кўра, ҳозирда Тошкент шаҳрида йўловчиларни енгил автомобилларда ташиш фаолияти учун лицензияланган автомобиллар сони 11 792 тага етган.