Бухорода 5 нафар, Хоразмда 3 нафар ва Фарғонада 4 нафар коронавирус беморлари тўлиқ тузалди.

Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 5 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, «Ситораи Моҳи Хоса» санаторийсида карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 1 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 3 нафари пойтахтимиздан, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 22 ёшда.

Бухоро вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 39 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 44 нафарга етди.

Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида яна уч нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси чартер рейс орқали Россиядан Хоразмга олиб келинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Уларнинг уччаласи ҳам эркак бўлиб, Бухоро, Қашқадарё ва Фарғона вилоятидан. Беморлар 61, 47 ва 29 ёшда

Бухоро вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 3 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 6 нафарга етди.

Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган 4 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайганларнинг уч нафари (икки нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари эса Андижон вилоятидан) чартер рейс орқали Туркиядан Фарғонага келган бўлиб, Олтиариқ фахрийлар санаторийсида карантинга олинган эди. Уларда коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Бир нафар фарғоналик бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтирган. Беморларнинг 3 нафари эркак, бир нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 59 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 22 ёшда.

Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 2 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 6 нафарга етди.

Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 168 нафар бемор тўлиқ соғайди.