Россия президенти Владимир Путин 9 май куни Қизил майдонда Ғалаба куни паради ва «Ўлмас полк» юришларини коронавирус пандемияси туфайли бошқа кунга қолдиришни буюрди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Хабарга кўра, Россияда коронавирус пандемияси туфайли парад ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш имконияти йўқ. Бунинг хатари жуда юқори.

«9 май куни бўлиб ўтадиган парадга ҳозирдан тайёргарлик бошлаш керак. Бироқ эпидемия билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳали ҳам юқори. Ва бу ҳозирда парадга ва бошқа оммавий тадбирларга тайёргарликни бошлаш ҳуқуқини бермайди. Мен Мудофаа вазирига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларига ва барча даражадаги ҳокимиятларга Қизил майдонда бўлиб ўтадиган ҳарбий парадга, ҳудудлардаги парадларга тайёргарликни кечиктиришни, Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш режалаштирилган барча оммавий тадбирларни кейинга қолдиришни буюраман», — деди Владимир Путин.

Шу ўринда, Путин, парад кечиктирилаётганига қарамай, Ғалаба куни айнан 9 май куни нишонланиши, ушбу санани бекор қилиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

«Бу кунда ҳар бир оила ўз қаҳрамонларини эслайди ва уларни шарафлайди. Фахрийлар бизнинг ғамхўрлигимиз ва миннатдорчилигимизни ҳис қилиши, барча имкониятлардан фойдаланиши учун биз ҳамма нарсани қиламиз», — дея қўшимча қилди Россия президенти.

У парад айнан қайси сана бўлиб ўтишига аниқлик киритмади, лекин барча тантаналар, шу жумладан Ғалаба куни паради ва «Ўлмас полк» нинг юришлари 2020 йилда бўлиб ўтишини маълум қилди.

Маълумот учун, айни пайтда Россияда коронавирус инфекцияси 32 мингдан ортиқ кишида аниқланган. Улардан 2 590 нафари соғайган бўлса, 273 нафари вафот этган.