Давлат Бош санитария врачи Бахром Алматовнинг 17 апрель кунги брифингда маълум қилишича, Тошкентда аниқланган 48 та коронавирус ҳолатида касалликнинг юқиш омили номаълум.

Тошкент шаҳрида коронавирус беморлар қуйидаги ҳудудларда аниқланган:

  • Юнусобод туманида 68 нафар
  • Сергели туманида 48 нафар
  • Олмазор туманида 47 нафар
  • Шайхонтохур туманида 37 нафар
  • Яшнобод туманида 35 нафар
  • Мирзо Улуғбек туманида 33 нафар
  • Миробод туманида 29 нафар
  • Учтепа туманида 27 нафар
  • Яккасарой туманида 13 нафар

«Ушбу беморларнинг қайд этилиши бу инфекциянинг аҳоли ўртасидаги тарқалгани эмас, балки ушбу касаллар қайд этилган муассасасаларнинг жойлашувига, қолаверса, карантинда сақланаётган манзилларига ҳам бевосита боғлиқ», — деди Бахром Алматов.

Тошкентдаги 355 нафар коронавирус беморидан 106 нафари чартер рейслар орқали мамлакатга олиб келинган ва карантинда бўлган. 175 та ҳолатда чет элдан қайтган беморлар билан мулоқотда бўлган фуқаролар касалланган бўлса, юқиш омили аниқланмаган 48 та ҳолат мавжуд.

Беморлар орасида 60 ёшдан катта ёшдагилар 32 нафарни, 50 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар 28 нафарни, 30−39 ёшдагилар 82 нафарни, 20−29 ёшдагилар 88 нафарни ташкил қилади. Шунингдек, беморларнинг 7 нафари 1 ёшгача, 3 нафари эса 1 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалардир.

Беморларнинг 52 нафари уй бекаси, 20 нафари ишсиз фуқаролар, 20 нафари мактаб ўқувчилари ва бошқалар.

Маълумотга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича кунига ўртача 10 мингга яқин тест ўтказилмоқда. Ҳозиргача жами 136 мингта тест ишлари бажарилган.