Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида коронавирус юқиш омили номаълум бўлган беморлар сонига аниқлик киритилди. Жума куни Давлат бош санитария врачи Бахром Алматов пойтахтда бундай беморлар сони 48 нафарни ташкил этганлигини таъкидлаган эди.

ИИББнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу маълумот тўғри эмас. Коронавирус юқиш омили номаълум бўлган жами 42 та ҳолат қайд этилган, лекин 17 апрель куни соат 8:00 да бундай беморлар сони 19 нафарни ташкил этган. Суриштирув ишлари билан шуғулланаётган махсус гуруҳ 23 нафар беморнинг қандай қилиб инфекцияни юқтирганлигини аниқлаган.

«Ушбу ишлар кеча-кундуз давом этмоқда, вазият ҳар соатда ўзгармоқда. Эртага ушбу рақамлар ўзгариши керак», — дея таъкидлади ИИББ.

Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда коронавирус аниқланган беморлар сонига ҳам аниқлик киритди. 16 апрель куни кечки пайтда беморлар сони 385 нафарга етган. Олдинроқ Бахром Алматов Тошкентдаги умумий беморлар сони 385 нафарга етганлигини айтган эди.