Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида пенсиялар май ойидан банк карталари орқали тўланади. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Хабарга кўра, коронавирус пандемиясининг тарқалишини олиш мақсадида пенсия тўловлари дастлабки босқичда, яъни май ойидан бошлаб, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида истиқомат қилувчи пенсионерларга банк карталари орқали тўланади. Кейинги ойлардан бошлаб, ушбу чора-тадбирлар босқичма-босқич қолган ҳудудларда давом эттириш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Марказий банк I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва ҳаракатланиш имконияти чекланган (ётоқдаги) пенсия олувчи фуқароларга ҳар ойнинг бошида уларнинг банк карталарига келиб тушган пенсия маблағлари тасдиқланган графиклар асосида, яъни пенсия маблағларини доимий олиб келган саналаридан кечиктирмасдан Халқ банкининг маъсул ходимлари томонидан яшаш манзилларига бориб, нақдлаштириб берилишини маълум қилди.

Ўз навбатида, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва ҳаракатланиш имконияти чекланган (ётоқдаги) пенсионерлар сони ўзгариб туришини инобатга олган ҳолда, ушбу тоифага кирувчи фуқароларнинг рўйхати Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан ҳар ойда қайта кўриб чиқилади ва янгиланган рўйхати уларнинг банк карталаридаги маблағлари уйларига бориб нақдлаштириб берилиши учун Халқ банкига бериб борилади, дейилади хабарда.