Тожикистон президентининг ўғли Рустам Имомали мамлакат Миллий мажлисининг раиси этиб сайланди.

Миллий мажлиснинг олтинчи чақириғининг биринчи йиғилишида Тожикистон президенти Имомали Рахмон Рустам Имомалини Миллий мажлис раиси бўлганлиги билан табриклади.

Сўғд вилояти раҳбари Ахмадзода Ражаббой раиснинг биринчи ўринбосари, Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг раҳбари Файзов Ёдгор эса раис ўринбосари этиб тайинланишди.

Рустам Имомалининг раисликка номзодини Миллий мажлис аъзоси Дилбар Одилзода таклиф қилган. Миллий мажлиснинг барча аъзолари ушбу таклифни қўллаб-қувватлаган.

Тожикистон парламентининг юқори палатаси ҳисобланган Миллий мажлис 33 аъзодан иборат бўлиб, улардан 25 нафари вилоятлардаги халқ депутатлари кенгашларининг йиғилишларида сайланса, қолган 8 нафари президент томонидан тайинланади.

27 март куни бўлиб ўтган Миллий мажлис учун сайловларда Душанбе ҳокими Рустам Эмомали ҳам сенаторликка сайланган эди.

Махмадсаид Убайдуллоев 2000 йилдан бери Миллий мажлиснинг раиси сифатида фаолияти юритар эди.