«Газета.уз» колумнисти Дилмурод Юсупов карантин даврида ногиронлиги бор болалар ва катталар ҳамда уларнинг оила аъзолари дуч келган муаммолар ва муҳтожларга беғараз ёрдамни марказлаштиришнинг эҳтимолий оқибатлари ҳақида ёзади.

Халқаро ташкилотларнинг янгиланаётган маълумотларига кўра, ногиронлиги бор шахслар кундалик ҳаётида дуч келадиган бир қатор тўсиқлар туфайли уларда коронавирус юқтириб олиш хавфи юқорироқ.


Ногиронлиги бор шахслар учун қийинчиликлар асосий инфратузилманинг жисмоний тўсиқлари, қўл ювиш учун гигиена воситалари, масалан, раковиналар, ювгичлар, шунингдек, қўлларни яхшилаб ювишда жисмоний қийинчиликлар туфайли юзага келиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу шахслар доимий равишда техник реабилитация ускуналарига (ногиронлар аравачалари, кўзи ожизларнинг оқ таёқчалари, қўлтиқтаёқлар, эшитиш мосламалари ва бошқаларга) тегишлари керак, бу нафақат қўлларни, балки ёрдамчи воситаларни ҳам дезинфекциялаш кераклигини англатади.

Ташқи дунёдан маълумотни фақатгина дактил имо-ишора тили орқали қабул қиладиган ҳам кўриш, ҳам эшитиш қобилияти чекланган инсонлар таржимон ассистентларнинг қўлларига қўл теккизмаса бўлмайди. Катта ва кичик ёшдаги ногирон болалар, ақлий имконияти чекланган инсонлар, қариндошлари ёки ижтимоий ишчиларнинг кундалик ёрдамига муҳтож бўлган ногирон инсонлар, масалан, ҳам кўриш, ҳам эшитиш қобилияти чекланган ва махсус муассасаларида истиқомат қилаётганлар ўзларини ўзи изоляциялаш ва ижтимоий масофалашни амалга ошира олмайдилар. Натижада уларда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқорироқ бўлади.

ЖССТнинг сўнгги ҳисоботига кўра, агар инсон организмдаги тана функцияси бузилишлари нафас олиш функциялари, иммунитет тизими, юрак ёки диабет касаллиги билан боғлиқ бўлса, ушбу тоифадаги ногиронлиги бор шахсларга инфекция юқтирилганда, коронавируснинг оғирроқ ҳолатларини ривожланиш хавфи юқори бўлиши мумкин. Шу билан бирга, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига юк ортиб бориши билан ногиронлиги бор шахслар зарур тиббий хизматлардан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келишлари мумкин.

Коронавирус ва унга нисбатан кўрилаётган чоралар ҳақидаги маълумотлар барча учун тушунарлими?

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида маълумотларнинг мавжудлигини таъминлаш учун бир қатор ижобий чоралар кўрилди. Масалан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан MY5 телеканали билан биргаликда болалар учун видеороликлар тайёрланди ва имо-ишора таржимаси билан берилди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳам имо-ишора тили таржимаси билан огоҳлантирувчи видеоролик тайёрлади.

2 апрель куни UZREPORT TV ва Ўзбекистондаги БМТнинг Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда имо-ишора тилида коронавирус бўйича брифингларни эфирга узатишни бошлади. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастури Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда COVID-19 пандемияси пайтида кўзи ожиз шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун брайл ёзувидаги плакатларни чоп этишди.

Шуни таъкидлаш керакки, ақлий имконияти чекланган болалар ва катталар ҳаётий маълумотларга тенг равишда эга бўлишлари учун маълумотни осон ўқиладиган шаклда тақдим этиш мақсадга мувофиқдир. Бу бошқа тоифадаги ногиронлиги бор инсонлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин, масалан, саводи суст бўлган кар ва заиф эшитувчи инсонлар учун, негаки улар ташқи дунёдан матнли ёзувларга қараганда имо-ишорада кўпроқ сифатли маълумот оладилар. Масалан, Англия соғлиқни сақлаш вазирлиги (Public Health England) осон ўқиш учун қўлланмани easy read форматида тайёрлади, ўқишда қийинчиликларга дуч келадиган одамлар учун тушунишни осонлаштириш мақсадида оддий матнлар ва Photosymbols каби онлайн сурат базалардаги расмлардан фойдаланган ҳолда осон маълумот форматини яратди.

Англия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг осон ўқиладиган шаклдаги плакати

Карантиннинг иккиламчи оқибатлари

Коронавируснинг асосий таъсири билан бир қаторда, Буюк Британиянинг Халқаро Тараққиёт Департаментининг (DFID) ногиронлар масалалари бўйича инклюзив ишчи гуруҳи коронавирус пандемиясига жавобан тадбиқ этилган иккиламчи чораларнинг ногиронлиги бўган шахсларга жиддий ва номутаносиб таъсири ҳақида огоҳлантиради.

Коронавирусга қарши кураш бўйича Хитойдан олинган сабоқ шуни кўрсатдики, қатъий карантин чоралари, жисмоний масофани сақлаш ва ўз-ўзини изоляция қилиш инфекция тарқалишининг олдини олишнинг самарали усули ҳисобланади. Бироқ, бундай кескин чораларни қўллаб, биз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари ҳаётига хавф соламиз. Шунга ўхшаш салбий таъсир, айниқса, кам ва ўртача даромадли мамлакатлардаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг асосий қисми норасмий секторда банд бўлиб уларнинг меҳнати ҳимоясиз қолгани жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шаҳардаги автоулов тураргоҳларида норасмий равишда ишлаётган эшитиш қобилияти чекланган эркаклар, жамоат жойларида тарози билан ишлайдиган кар ва заиф эшитувчи аёллар, автомобиль йўлларининг гавжум чорраҳаларида байроқчалар ва ҳид тарқатувчи осмалар сотувчиларининг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Пойтахт ва вилоят марказларида автомобиллар ва одамлар ҳаракати чекланганлиги сабабли улар даромадсиз қолишди ва мавжуд ижтимоий ҳимоя дастурларидан фойдаланиш имкониятига эга эмаслар.

Иш ҳақи тўланмайдиган таътилда омон қолиш мумкинми?

ТМЭКнинг меҳнатга лаёқатсизлик ёрлиғи, ногиронлик белгиси бўйича камситишлар, стереотиплар ва улар учун очиқ меҳнат бозорида ишламайдиган 3 фоизли квота сабабли ногиронлиги бор шахсларнинг атиги 7 фоизи расмий равишда иш билан таъминланган.

Кўзи ожизлар ва карлар жамиятидаги ихтисослаштирилган ўқув ишлаб чиқариш корхоналарида (ЎИК) кўриш ва эшитиш қобилияти чекланган ишчилар иш жойларини ва асосий даромадларини йўқотмоқдалар. 16 март куни карантин жорий этилгандан сўнг, баъзилари меҳнат таътилига, бошқалари эса уйдан масофавий ишлашга юборилди. Кўпгина ЎИКлар уй шароитида ишлаш учун мўлжалланмаган ва ихтисослашган корхоналарда жиҳозлардан фойдаланмасдан туриб ногиронлиги бор шахслар «кўк ёқали» ишчилар масофавий ишлай олмайдилар.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) деб ҳисобланадиган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзини ўзи молиялаштирадиган жамоат бирлашмаларининг ЎИК ва шўъба корхоналари фаолияти тўхтатилганлиги сабабли, улар молиявий қийинчиликларга дуч келмоқдалар ва карантин даврида ўзларининг доимий ишчиларига ва ЎИК ходимларига иш ҳақи ажратиш имкониятига эга эмаслар.

«20 мартдан 1 апрелга қадар иш ҳақи сақланган ҳолда бизни уйдан масофавий равишда ишлашга юборишди. Жамиятимизнинг асосий даромади бизнинг корхоналаримиз томонидан сотиладиган маҳсулот таннархидан 2 фоиз миқдоридаги тушумлардан ва Жамият биноларини ижарага беришдан шакллантирилади. Ушбу даромадлар орқали бизнинг иш ҳақимиз ҳам тўланади. Жамиятнинг молиявий ночорлиги сабабли, биз 1 апрелдан бошлаб иш ҳақи тўланмайдиган таътилга чиқишга мажбур бўлдик, — дейди Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Марказий Бошқарувининг ташкилий ва ижтимоий бўлими етакчи мутахассиси Улуғбек Маматхонов.

Кўзи ожизлар жамиятида фақат бир нечта корхоналар ўз фаолиятини олиб бормоқда, улардан матрас, чойшаб ишлаб чиқариш ва карантин зонасининг махсус формаси буюртмаларни олганидан кейин ишлашни давом эттирмоқдалар. Тошкент ЎИК-1 карлар жамияти ҳам тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга буюртма берилгани туфайли жамият ётоқхонасида яшовчилар уй шароитида иш билан таъминланди.

Карлар жамиятининг имо-ишора таржимонлари маошлари чўзилмоқда, негаки Ўзбекистон карлар жамиятининг асосий даромад манбаи бўлган карлар ЎИКида буюртмалар йўқлиги ва иш ҳажми қисқаргани туфайли кечиктирилган. Кўпинча имо-ишора тили таржимонлари кар ва заиф эшитувчи оилалардан келиб чиқади, бу уларнинг касб танлашларига таъсир кўрсатади. Уларнинг елкасида нафақат фарзандлари, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кар ота-оналарини боқиш вазифаси ҳам туради.

Карантин эълон қилинишидан олдин, ногиронларнинг кўплаб корхоналари бозорда рақобатга бардош бера олмай, буюртмаларсиз ишламай қолган ва уларнинг ишчилари аллақачон бу ҳолатга одатланиб қолган эди. Қатъий карантин чоралари эълон қилиниши билан уларнинг молиявий аҳволи ундан ҳам оғирлашди. ННТ ва ЎИКида сосий иш ўрнига эга бўлган ногиронлар иш ҳақи камлиги ёки тўланмаган ва кечиктирилган маошлари туфайли даромадларини тежай олмайдилар ва узоқ муддатли маошсиз таътил шароитида уларга тирикчилик қилиш жуда қийин бўлади.

Ижтимоий нафақалар етарлими?

Ногиронлик нафақалари ва пенсияларнинг миқдори расмий тасдиқланган истеъмол саватчаси ва кун кечириш учун зарур миқдор расман белгиланмаганлиги сабабли ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг эҳтиёжлари учун етарли эмас. Болаликдан ногиронлик нафақаси 436,150 сўм (таҳминан 45 АҚШ доллари). Шу билан бирга, Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигининг 2019 йил 1 чорагида ўтказилган тажрибавий ҳисоб-китоблари шуни кўрсатдики, истеъмол саватчаси 650 минг сўм, кун кечириш учун зарур миқдори 800 минг сўмни ташкил этади, бу болаликдан ногиронлик нафақалари миқдоридан деярли 2 баравар кўп демакдир.

Коронавирус пандемияси шароитида дори-дармонлар, парваришлаш ва реабилитация учун қўшимча ҳаражатлар рўйхатига ниқоблар, дезинфекциялаш воситалари ва бошқа ҳимоя воситаларининг ҳаражатлари қўшилади. Жамоат ва хусусий транспортнинг фалажланиши болалар ва катталар ҳамда уларнинг оилаларининг озиқ-овқат хавфсизлигига шубҳа туғдиради. Улар асосий озиқ-овқат ва таянч маҳсулотларини сотиб олишда қийналишлари мумкин. Уйга озиқ-овқат етказиб беришга буюртма бериш эса бошқа қўшимча ҳаражатларга олиб келиши мумкин.

Фото: Луиза Каршибаева, 2020 йил март.

Шу билан бирга, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошидаги ҳомийлик ёрдамини мувофиқлаштириш маркази томонидан тақдим этиладиган бир марталик ва вақти-вақти билан озиқ-овқат ёрдамига таяниш қийин. Маҳалла қўмиталари ҳар хил фаолият олиб боришмоқда — баъзи ногиронлар ва уларнинг оилалари асосий озиқ-овқат маҳсулотларини олишаяпти, баъзилари эса маҳалла ходимларининг моддий ва маънавий ёрдамини умуман ҳис қилишмаяпти.

1197 рақамига қўнғироқ қилиб тушса бўладими?

1 апрелдан бошлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўнгиллилар томонидан индивидуал хайрия ёрдамлари чекланди. Коронавирус инфекцияси хавфини минималлаштириш мақсадида бундай тадбирларни марказлаштирилган ҳолда амалга ошириладиган бўлди.

Янги қоидаларга кўра, барча ННТ, жамғармалар, кўнгиллилар ташкилотлари, ҳомийлар ва бошқалар ҳомийлик ёрдамини мувофиқлаштириш марказидан ўтиш ёки кимга ёрдам кераклиги тўғрисида маълумот қолдириш орқали ёрдам кўрсатиши керак бўлади. Бунинг учун Тошкентда улар Ўзэкспомарказ биносига бориб, у ерда рўйхатдан ўтиши керак, уларга 2 кун ичида стикер бериш, ёрдам санитария шароитида дезинфекциядан ўтказилган ҳолда, махсус кийим-кечак ва ташиш учун транспортни ташкил қилиши керак.

Бироқ, кўплаб муҳтож одамлар 1197 ишонч телефон рақамига мурожаат қила олмаяптилар — рақам доимо банд. Бундан ташқари, кар ва заиф ишитувчи муҳтож инсонлар ёрдам сўраб, мурожаат қила олмайдилар. Ўтган йилнинг 1 июлида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида имо-ишора таржимонлари ёрдамида видеоалоқа ва Телеграм орқали алоқа қилиш қобилиятига эга эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган инсонлар учун фавқулодда диспетчерлик хизматини ишга туширди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг мавжуд фавқулодда вазиятлар хизмати асосида ҳомийликни мувофиқлаштириш марказига мурожаат қилиш имконияти яратилганида яхши бўлар эди.

«Ишонч телефонидан ташқари, биз Телеграм бот ва веб-сайтини ишга туширишга тайёрмиз. Бироқ, биз ҳозирда Тошкент шаҳрида хайрия ёрдамини амалга ошириш ва етказиб бериш қобилиятимиздан шубҳаланамиз. Агар биз ҳозир веб-сайт ва ботни ишга туширадиган бўлсак, биз ёрдамга муҳтожларни бир зумда филтрланиши керак бўлган кунига таҳминан 15−30 мингта қўнғироқ бўлиши кутмоқдамиз. Мурожаатлар кўплигидан ногиронлар ва кекса одамлар минглаб аризалар орасида бееътибор қолиши хавфи мавжуд», — деб тушунтирди ҳомийликни мувофиқлаштириш маркази вакили.

Хайрияни марказлаштириш: яхшими ёки ёмон?

Ушбу қадам хавфсизликни таъминлаш мақсадида яхши ниятлар учун қилинган бўлса ҳам, амалда бундай ёндашув унчалик самара бермаслиги мумкин. Биринчидан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмаларига эга бўлишига қарамай, жойларда муҳтожлар тўғрисида барча маълумотларга эга бўлмаслиги мумкин.

Аввалроқ, маҳалла қўмиталарининг рўйхатларида кўпчилик ҳисобга олинмаганлиги ва мувофиқлаштириш марказининг янгиланган маълумотлар базасини яратиш учун кўп вақт ва куч сарфланиши кераклиги таъкидланган эди. Кўпгина ногирон болалар ва катталар маҳалла рўйхатида ва расмий статистикада кўринмайди, айримлари рўйхатдан ўтишни рад этишади ёки бюрократик тўсиқлар ва коррупция сабабли улар ТМЭК органларида ногиронлик гуруҳини ололмайдилар.

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқовнинг айтишича, ТМЭКлар фуқароларни қабул қилишни тўхтатган ва вақтинча ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий ва меҳнат кўригидан ўтказиш муддатини карантин тугагунга қадар узайтирган. Шунингдек, болали оилаларга бериладиган нафақа тўловлари, болаларни парваришлаш бўйича нафақа ва уни маҳаллаларда олганларга моддий ёрдам 6 ойга узайтирилди.

Шу билан бирга, юқори даражадаги қарор қабул қилувчилар қуйи даражадаги ёрдамга муҳтож бўлганлар тўғрисида билишлари мумкинми? Бепул ёрдамни монополлаштириш жараёни маълумот йиғиш ва қайта ишлаш, қарорлар қабул қилиш ва назорат қилиш бўйича транзакцион харажатларнинг ошишига олиб келиши мумкин, бу кўпроқ вақтни талаб қилади ва одамлар ва оилаларнинг махсус эҳтиёжларига тезкор жавоб беришга тўсқинлик қилади. Ягона алоқа маркази қўнғироқлар оқимига бардош бера олмайди ва кўпчилик муҳтож инсонлар шунчаки ёрдамни мувофиқлаштириш марказига қўнғироқ қилиб туша олмайдилар.

Иккинчидан, бир хил асосий озиқ-овқат маҳсулотларига мўлжалланган шаблонли ёки универсал ёндашув заиф қатламли болалар ва катталарнинг шахсий эҳтиёжларини қондира олмайди. Уларнинг оила аъзолари ва қариндошлари, қўшнилари, маҳалла, шунингдек, улар билан бевосита ишлаш тажрибаси ва кўникмаларига эга жамоат ташкилотлари уларнинг эҳтиёжлари ва талабларини яхшироқ билишади.

«Бизга шошилинч зарурий дори-дармонларни етказиб бериш жуда муҳим. Аммо шу тарзда ташхиснинг сирлари бузилади ва бошқа ҳуқуқий тўсиқлар пайдо бўлади. ОИТС билан яшаётган кўп одамлар жамиятдаги стигма ва камситиш сабабли очиқ гапиришга ҳамда ОИТС ҳолатини очишга тайёр эмаслар. Қўнғироқлар маркази хизматларидан фойдаланганда, хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам, одамлар ўзларининг ОИТСга чалинганлари ҳақида очиқ гапиришга мажбур бўладилар ва уларнинг шахсий маълумотларини оғзаки равишда ошкор қилинишини истисно қилмайман», — дея тушунтиради «Ишонч ва ҳаёт» ННТ раиси Сергей Учаев.

Изоляцияда ким кўпроқ азоб чекмоқда?

Ўз-ўзини изоляция қилиш ва ижтимоий масофаланиш чораларидан, айниқса, ақлий имконияти чекланган болалар, уларнинг ота-оналари ва васийларига таъсир қилиши мумкин. Кун тартибининг тўсатдан ўзгариши Даун синдроми ва бошқа ривожланиш хусусиятларига эга оғир аутизм ҳолати бор, аутизм спектрининг бузилиши (АСБ) бўлган болаларда янги шароитга мослашишда қийинчиликларга олиб келади. Бундай болалар нафақат молиявий ёрдамга, балки тиббий-ижтимоий реабилитация ва касбий терапевт, дефектолог хизматларига, жисмоний машқлар, бассейнга қатнашишга ва бошқа зарурий машғулотларга ҳам эҳтиёж сезадилар.

«1197 рақамига қўнғироқ қилиб умуман тушиб бўлмайди. Агар биз қўнғироқ қилиб, бошқаларнинг рўйхатини бериб юбормоқчи бўлсак ҳам, аутизмга чалинган болаларнинг кўп ота-оналари ёрдам марказидан ёрдам сўраб, мурожаат қилишни рад этишмоқда, чунки улар ёрдам марказидан келганларида: „Нима?! Шахсий уйингиз борми? Фарзандингиз юрадими? Нега сизга ёрдам керак?“ Ҳали ҳам бизнинг тасаввуримизда ногирон инсон — бу ётган, қўллари йўқ, оёқлари йўқ ёки болалар церебрал фалажи (БСФ) билан оғриганлар. Аммо биз ҳам ёрдамга муҳтожмиз, биз карантинда ақлдан озмоқдамиз», — дейди Фарҳод Ортиқбоев, аутизми бўлган ўғлининг отаси, Республика болаларнинг ижтимоий мослашуви марказидаги (РБИММ) қошидаги «Ангелочек» клубининг асосчиси.

Кўпинча ёлғиз оналар эҳтиёжли болаларни тарбиялаш билан шуғулланадилар, бу эса уларга озиқ-овқат ва болаларни парвариш қилиш маҳсулотларини сотиб олишда қўшимча қийинчиликлар туғдиради. Чекланган транспорт ва такси хизматлари билан, ота-оналар улар билан дўконга боришдан қўрқишади: болалар тиббий ниқоб кийишдан бош тортишади, лекин уларни уйда ёлғиз қолдириш ўта хавфлидир.

«Бизнинг боламиз автоуловда юришни яхши кўради ва унда саёҳат пайтида тинчланади, аммо ҳозир бизда чеклов бор. Ўғлим айни дамда жуда ёмон аҳволда. Фарзандларимиз учун ижтимоий такси хизматини ташкил этиш ва шаҳарда ярим соат машинада айлантириш шунчалик қийинми? Бу бизнинг кимё терапиямиз, гемодиализимиз … «- дейди Фарҳод Ортиқбоев умидсизликка тушиб.

Фарҳод Ортиқбоев ўғли билан. Фото манбаси.

Аутизмли боланинг онаси хайр-эҳсонларни қабул қилиш пайтида ҳисобот бериш учун ташкилотчиларга ўзларини суратга туширишни буюргани ҳақида мақола муаллифига айтган.

«Ҳокимиятдан одамлар ўғлимга совға олиб келишибди — ногирон болалар учун ҳадя деб. Уни очдим, олмоқчи эдим, келтирган одам менга: „Биз расмга олишимиз керак“, — деди. Мен жавобан: „Мен суратга тушмайман ва ўғлимни ҳам суратга олдирмайман“, — дедим. У эса: „Бўлмасам совға йўқ. Мен суратга олиб, ҳисобот беришим керак“. Мен унга: „Унда майли, эҳтимол олган нарсамга имзо чексам бўладими?“ — деб сўрадим. У эса: „Йўқ, суратга туширишим шарт“, — деб туриб олди. Охирида совғани қайтариб олиб кетди. Мен эса ҳайратланиб қолавердим», — дейди кўнгли қолган аутизми бўлган боланинг онаси.

Эслатиб ўтамиз, инсонпарварлик ёрдамини тақдим этишнинг ахлоқий қоидалари Интернетда ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳисоботларда шахсий маълумотларни суратга олиш ва ишлатишдан олдин олувчининг розилигини талаб қилади.

Ўз-ўзини изоляция қилиш ва ижтимоий узоқлашиш шароитида нафақат ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар, балки бутун аҳоли руҳий саломатликни сақлашда қийналишлари мумкин. Шу муносабат билан, коронавирус тарқалиши пайтида стрессни бошдан кечираётганлар учун руҳий-ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш, шу жумладан махфийлик ва анонимликнинг барча қоидаларига риоя қилган ҳолда ишонч телефони ёки Интернет орқали психологик ёрдам олиш имкониятини таъминлаш керак.

Изоляция пайтида ким кўпроқ зўравонликка дучор бўлади?

Кам ва ўртача даромадли мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ногиронлиги бўлган қизлар ва аёллар, шу ёшдаги ногиронлиги йўқ аёлларга қараганда шериклари томонидан амалга ошириладиган зўравонликка 2−4 марта кўпроқ учрамоқдалар. Бундан ташқари, ногирон аёллар ўзларининг оиладаги зўравонлик ҳолатлари ва тиббий хизматлардан фойдаланишдаги тўсиқлар тўғрисида хабар беришда қийналишлари мумкин.

Коронавирус пандемияси каби фавқулодда вазиятларда ногирон аёлларга нисбатан жиддий муносабат ва зўравонлик хавфи ортади. Оила қўшимча иқтисодий тангликларга дуч келгани ва қаттиқ карантин туфайли узоқ муддатли ўз-ўзини изоляцияда қолишга мажбур бўлганлиги сабабли баъзи мамлакатларда шерикларнинг зўравонлиги уч баравар кўпайган.

Бундан ташқари, жамиятимизда ўрнатилган ижтимоий меъёрлар туфайли қизлар ва аёллар болаларни, шу жумладан ногирон болаларни ва мактаб ёпилишидан кейин ривожланиш муаммоларини ҳал қилишда кўпроқ рол ўйнашлари мумкин. Бу қўшимча юк ва аёлларга номутаносиб аҳволига салбий таъсир қилади.

Энг ҳимоясизлар учун иккиламчи таъсирни қандай юмшатиш мумкин?

Ногиронлиги бўлган болалар ва катталар учун карантин янгилик эмас, чунки уларнинг аксарияти узоқ вақтдан бери муносабат тўсиқлари мавжудлиги туфайли жамиятдан ажралган ҳолда яшаб келишмоқда. Коронавирусга қарши кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли бизнинг ривожланмаган ва парчаланган ижтимоий ҳимоя тизимимизга юкни ошириш ногирон болалар, катталар ва уларнинг оилаларининг мавжуд заиф ҳолатини ёмонлаштириши, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий четланишини кучайтириши мумкин. Шу муносабат билан уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашнинг барча мумкин бўлган вариантларини кўриб чиқиш жуда муҳимдир.

Агар жиддий аломатлар пайдо бўлиш хавфи юқори бўлган ногиронлар масофавий ишлай олмаса, ЖССТ тавсияларига биноан, уларга инфекцияни юқтириш хавфи камаймагунча иш ҳақи тўланадиган таътил беришга имконият бериш керак. Ногиронлар бирлашмалари ва уларнинг корхоналарини, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бошқа ННТларга молиявий ёрдам чораларини кўриб чиқиш жуда муҳимдир. Чунки бу кўмак уларнинг аъзолари ва ишчиларининг чекланган жамғармалари шароитида даромадларни сақлашга ёрдам беради. Ушбу мураккаб даврда ногиронлар учун ННТ ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлайдиган бошқа жамоат ташкилотларига субсидиялар бериш ва тўғридан-тўғри молиялаштириш керак.

Шундай қилиб, бир марта отиш билан иккита қуённи ўлдиришимиз мумкин — керакли иш тажрибасига эга ва фойда олувчиларнинг аниқ эҳтиёжлари ва талабларини яхши билган ҳолда ихтисослашган ННТлар мақсадли ёрдамни самарали тақдим этишлари, шу билан бирга ўз ходимларига иш ҳақи тўлашлари ва кўнгиллиларини қўллаб-қувватлашлари, уларни транспорт билан таъминлашлари мумкин ва уларнинг бепул фаолияти учун бошқа ёрдам беришлари мумкин.

Ногиронлик гуруҳини ўз вақтида расмийлаштирмаган ногирон болалар ва катталар ҳақида унутмаслик керак. Шунинг учун, ТМЭК органлари томонидан уларнинг ижтимоий имтиёзлардан фойдаланишлари ва давлатнинг ижтимоий қўллаб-қувватлашини таъминлаш учун текшириш тартибини сезиларли даражада соддалаштириш керак. Россия Меҳнат вазирлиги томонидан 2020 йил 1 октябргача бўлганидек, сиртдан ногиронлик ҳолатини текшириш тажрибасини амалга ошириш мумкин. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш манзилларига техник реабилитация ускуналарини тарқатиш тартибини ҳам кўриб чиқиш керак.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун масъул бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар агентлиги вақти-вақти билан ногирон болалар ва катталар учун барча тоифалар, шу жумладан осон ўқиладиган форматда маълумотларни мунтазам равишда эълон қилиб туриши керак. Кўпгина ногиронлиги бор шахслар, ТМЭКларнинг ишлаши тўхтатилганлиги сабабли ногиронлик даври автоматик равишда узайтирилишини билишмайди. Агентлик ўз хизматларидан фойдаланувчилар билан мулоқоти яхши йўлга қўйилмаган.

Бундан ташқари, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган 10 триллион сўмлик Инқирозга қарши жамғармаси билан биргаликда ҳозирги шароитларда етмайдиган ногиронлик бўйича ижтимоий нафақа миқдорини, ҳеч бўлмаганда карантин даврида ошириш масаласини ҳал қилиш зарур. Шундай қилиб, норасмий секторда ишсиз қолган ногиронларни қўллаб-қувватлаш мумкин бўлар эди.

«Юқоридан — пастга» тамойили самарали ишламайди ва бундай фавқулодда вазиятларда ҳукумат ва фуқаролик жамияти ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш керак, ягона ёрдам маркази ва «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» ягона жамоат фонди орқали моддий ёрдам оқимларини марказлаштириш ва назорат қилишга уринмаслик керак.

Фавқулодда ижтимоий ёрдам кўрсатишда «пастдан — юқори» моделига таяниш яхшироқдир ва ёрдам махсус кўнгиллилар, уларнинг ташкилотлари ва ташаббускор ННТлар томонидан кўрсатилиши керак. Буни барча кўнгиллилар ва ННТ ходимларига хавфсизлик чоралари тўғрисида кўрсатма бериш ва аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларини қўллаб-қувватлашда зарурий ҳимоя воситалари (ниқоблар ва махсус кийим) билан таъминлаш орқали амалга ошириш мумкин.

Мавжуд қийин вазиятдан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ривожланмаган фуқаролик жамияти институтларининг ташкилий салоҳиятини ошириш ва уларни хайрия олувчилар эмас, балки фаол агентлар сифатида кўриб чиқиш учун фойдаланиш керак. ННТ вакиллари бўлган ногиронлар, шунингдек бошқа жамоат ва кўнгилли ташкилотлар, кўрсатилаётган ёрдамни режалаштириш, амалга ошириш ва баҳолашда фаол иштирок этишлари керак, шундагина COVID-19га қарши чоралар инклюзив қамраб олинади.

Мақолада билдирилган фикрлар таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмаслиги мумкин.