Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида навбатдаги 6 нафар коронавирусга чалинган бемор бутунлай соғайди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Беморлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 2 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 4 нафари Андижон шаҳридан, 2 нафари эса Андижон туманидан. Улар орасида энг ёши каттаси 60 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 4 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 10 нафарни ташкил илмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 146 нафарга етди.