Президент Шавкат Мирзиёев 17 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, амалдаги лойиҳаларни оптималлаштирган ҳолда, маблағлар биринчи ўринда тиббиёт соҳасига йўналтирилмоқда. Халқаро молиявий ташкилотлар ушбу йўналишда Ўзбекистонга ёрдам беришини таъкидлаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига бирламчи ва тиббий ёрдам лойиҳалари доирасида Осиё тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банкининг 30 миллион доллар маблағи эвазига ўпкани сунъий вентиляция қилувчи 2 минг 300 та аппарат (ИВЛ) ва бошқа ускуналар сотиб олиш вазифаси қўйилди.

Март ойининг охирида Шавкат Мирзиёев 300 мингта экспресс-тест ва 500 та ИВЛ аппаратини сотиб олиш ҳақида кўрсатма берган эди. «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбасининг маълум қилишича, 500 та ИВЛ аппарати Россиядан сотиб олиниши режалаштирилган, қурилмалар 22 апрель куни етиб келиши кутилмоқда.

2300 та ИВЛ аппарати эса Зангиота туманида қурилаётган шифохонада ўрнатилиши кўзда тутилган. Манбанинг аниқлик киритишича, Ўзбекистонда ҳозирда 1000та ИВЛ аппарати резерви мавжуд.

Ислом тараққиёт банки Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилаётган шифохона ва Юқори Чирчиқ туманидаги карантин ҳудудини замонавий тиббий техникалар билан жиҳозлаш бўйича кўмак кўрсатади.

Пандемия шароитида тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 700 миллион доллар жалб қилиш режалаштирилмоқда. Бу маблағлар, биринчи навбатда, мева-сабзавотчилик, озиқ-овқат саноати ва экспортни рағбатлантиришга йўналтирилиши зарурлиги таъкидланган.

Президент томонидан Осиё инфратузилма инвестициялари банки ва Жаҳон банкидан қўшимча маблағлар жалб этиб, тиббий ва ижтимоий соҳаларга йўналтириш бўйича кўрсатма берилди.


Фото: Президент матбуот хизмати

2020 йилда халқаро ва хорижий молия институтлари томонидан йўналтирилган 2,7 миллиард долларни ўзлаштириш режалаштирилган. Уларнинг асосий қисми Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳиссасига тўғри келади.

Йиғилишда халқаро молия институтлари пандемия билан кураш учун соғлиқни сақлаш соҳасига ажратаётган 277 миллион доллар миқдоридаги маблағларни тез фурсатларда ва самарали ўзлаштириш лозимлиги таъкидланди.

Маълумотга кўра, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан инфратузилма ва коммунал хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча равишда 3,6 триллион сўм ажратиш кўзда тутилган.