Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги Ҳаж-2020 мавсумига тайёргарлик ишларини кечиктириб туриш бўйича қарор қабул қилган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди.

Ҳозирда Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати ҳамда соғлиқни сақлаш идораларининг тавсияларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишининг олдини олиш учун юқори даражадаги эҳтиёткорлик чоралари қўлланилаётгани, икки муқаддас Ҳарамда соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, профилактика ишлари кучайтирилгани қайд этилган.

Шу муносабат билан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбариятининг қарори асосида «Ҳаж-2020» мавсумининг ташкилий тадбирларини вақтинча тўхтатиб туриш ва вазият барқарорлашишини кутиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Расмий мурожаатда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги мазкур жараён билан боғлиқ янгилик ва ўзгаришлар юзасидан Дин ишлари бўйича қўмитани қўшимча хабардор қилиши маълум қилинган.

Дин қўмитасининг маълум қилишича, жорий йил Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ва навбати етиб келган фуқаролар, агар ҳаж мавсумига қадар Саудия Арабистонида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашмаса, жорий йилги навбатлар тўлиқ сақланиб қолади ҳамда кейинги йилга ўтказилади.

«Айни вақтда, фуқароларимиздан карантин қоидаларини бузган ҳолда ҳаж сафари билан боғлиқ масалалар бўйича ташкилотма-ташкилот юрмасликларини, ўзлари ва ўзгаларнинг соғлигини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз. Ҳаж сафари билан боғлиқ барча янгиликлар Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Интернет ва ижтимоий тармоқ сайтлари орқали тезкор эълон қилинади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Умра тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараён вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.