Коронавирус пандемияси энг глобал дунёвий муаммога айланди. Ушбу муаммога қарши туриш ҳамда фуқаролар манфаатларини, биринчи навбатда, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида, дунё мамлакатлари томонидан карантин режимидан бошлаб то фавқулодда ҳолатгача бўлган махсус қоидалар ўрнатади.

Бундай шароитларда фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолади. Шу муносабат билан, давлат томонидан тезкор чоралар қабул қилиниши зарур бўлади.

Таъкидлаш жоизки, карантин пайтида давлат томонидан ўрнатилган тақиқларга нисбатан бепарволик ва бефарқ муносабат қатъий ва амалий чоралар, хусусан, жиддий жавобгарлик чоралари кўрилишини талаб қилади.

Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳукуматлар карантин режимини бузганлик учун шак-шубҳасиз ва зудлик билан жиддий жавобгарлик чораларини кўради.

Пандемия тарқалишида биринчи ҳисобланган Хитой карантин талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари учун жавобгарликни янада кучайтирди. Хитойда ўзини яккалаш режимини бузганлик учун катта миқдордаги жарималар, қамоқ жазолари, ўта оғир ҳолатларда эса хатто ўлим жазоси ҳам тайинланди.

Фото: Хитой. Синьхуа

АҚШда 11 апрелдан бошлаб катта фалокат режими жорий этилди. Қатор штатларда март ойининг охирларидаёқ ўта зарурий ҳолатларсиз уйни тарк этиш тақиқланди. АҚШда карантин чоралари ҳам федерал, ҳам маҳаллий ҳокимият органлари ваколатига киради (штатлар касаллик юқтирган одамларнинг ўз худуди бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди, федерал юрисдикция штат чегаралари ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтувчиларга тааллуқлидир).

Масалан, Висконсин штатида агар бирор бир шахс ўзининг касалланганлигини била туриб, карантин талабларига бўйсунишдан бош тортса, у 500 доллар жаримага тортилиши ёки 30 кунгача қамоққа олиниши мумкин. Вайомингда изоляция режимини бузганлик учун 10 минг долларгача жарима ва бир йилгача қамоқ жазоси, Техасда эса олти ойгача қамоқ жазоси ва 2 минг доллар жаримага тортиш белгиланган. АҚШ федерал қонунчилигида карантин бузганлик учун 250 минг доллардан кўп бўлмаган жаримага тортиш ва (ёки) икки йил қамоқ жазоси кўзда тутилган. Бунда барча, ким бўлишидан қатъи назар, жавобгарликка тортилади. Масалан, Олтон (Иллинойс штати) мерининг рафиқаси Брент Уолкерни карантинни бузгани учун полиция томонидан ҳибсга олинди ва унга нисбатан тегишли чоралар қўлланилди.

Фото: twitter.com/EvanMcMullin

Европа Иттифоқи мамлакатларида ҳозирги вақтда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин шартларига риоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Испанияда дўкон ва дорихонада харидни амалга ошириш заруратидан ташқари, бошқа ҳар қандай ҳолатда кўчага чиқиш тақиқ остига олинган. Барселонада эса кўчага чиқишни хоҳлаган шахснинг ёнида йўл қоғози бўлиши шарт (йўл қоғози — ҳукумат томонидан уйдан чиқишга рухсат берилган ҳужжат). Полиция мунтазам равишда назорат олиб боряпти. Карантин қоидаларини бузган шахс катта миқдорда жарима ва икки йилгача қамоқ жазосига тортилади. Масалан, Санта-Крус-де-Тенерифе (Канар ороллари) судида қоидабузардан бири тўрт ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Испаниядаги ўхшаш қатъий чораларни Италия ҳам ўрнатди. Италия ҳукумати фуқаролар учун кўчага чиқмаслик ва шаҳардан кетмасликка махсус рухсатномасиз кўрсатма берган. Мазкур тартибни бузганлик учун уч ойга озодликдан маҳрум қилиш ёки 200 еврогача жаримага тортиш кўзда тутилган.

Фото: Италия. Alberto Pizzoli/AFP

Францияда 17 мартдан карантин режими эълон қилинган. Уйдан фақат зарур ҳолларда тегишли маълумотномага эга бўлгандагина чиқишга рухсат берилди. Қоидани бузганлик учун 130 евро миқдорида жарима, қайта қоидани бузганлик учун эса 15 кун ичида 1500 евро, тўртинчи марта қоидани бузганда 30 кун давомида 3700 евро ёки 6 ой қамоқ жазоси белгиланди.

Бир ҳафтадан сўнг чоралар кескинлаштирилди: сайр қилиш кунига бир соатдан ошмаслиги ва уйдан 1 км гача масофада бўлиш шарти жорий этилди. Икки кишидан ортиқ йиғилмаслик, баъзи ҳудудларда фақат якка ҳолда ҳаракатланиш белгиланди. Одамларга бир ярим метр масофагача яқинлашиш тақиқланди. Биринчи ҳафтада Францияда карантин қоидаларини бузганлик учун 480 киши маъмурий жавобгарликка тортилди.

Германияда 25000 евро жаримадан икки йил қамоқ жазосигача бўлган ўта кескин чоралар жорий қилинди. Бавариянинг Ландсхут шаҳри полицияси 27 ёшли немисни учинчи маротаба ўртоқлари билан пиво ичаётганда, ижтимоий муносабатларнинг қатъий тақиқига қарамасдан, ишни судга оширди.

Унгача қоидабузар билан бундай ҳолат нафақат ўзи учун, балки бошқалар учун ҳам хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида бир неча марта тарбиявий суҳбатлар олиб борилган, уч маротаба баённома тузилган ҳамда карантин қоидаларини бузганлик учун ундан умумий ҳисобда бир неча юз евро ундирилган. Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмаган. Қоидабузар қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Фото: Германия. O.Dietze

Кипрда мартнинг охиридан бошлаб, кечки соат 9 дан эрталабки соат 6 гача комендантлик соати жорий қилинди. Мамлакатда қатъий чоралар ўрнатилди: уйдан кунига фақат бир марта ҳукуматдан СМС-хабар олгандан кейингина чиқиш мумкин. Ушбу СМС-хабарни олмасдан кўчага чиққан қоидабузарлар 300 евро миқдоридаги жарима тўлайди. Машиналарда ҳайдовчини ҳам қўшиб ҳисоблаганада максимум 3 киши ҳаракатланиши мумкин.

Исроилда эҳтиётсизлик оқибатида карантинни бузганлик учун 3 йилгача, қасдан бузганлик учун эса 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Жумладан, 7 йилгача қамоқ билан 14 кунга ўзини яккалаш режими талабини бузганлар ҳам жазоланади.

Фото: Исроил. Avshalom Sassoni/Flash90

Греция аҳолиси кўчада бўлган пайтларида ўзларининг нима мақсадда кўчага чиққанликларини асослаб беришлари керак. Мақсадсиз сайрлар учун 150 евро жарима солинади, такроран содир этилган қонунбузарлик учун ҳибсга олиш жазоси ҳам қўлланилиши мумкин.

Сербияда ҳам аҳоли учун крантин чоралари қабул қилинган бўлиб, жумладан, аҳоли учун комендантлик соати жорий қилинган, фақат тез тиббий ёрдамга ва Сербия давлат органлари томонидан ишлаш учун махсус рухсатномалар берилган шахслар бундан мустасно. Карантин тартибини бузганлик учун қатъий чоралар кўрилди, 1 апрелга қадар карантин тартибини бузганлиги учун 700 дан ортиқ киши ушланган.

Ниш шаҳридаги қариялар уйида 140 одам инфекцияга чалингандан кейин қариялар уйи иш бошқарувчиси полиция томонидан ҳибсга олган. Бунга сабаб — иш бошқарувчи ўзини яккалаш режими тартибига зид равишда қарияларнинг қариндошлари билан кўришишларига ва уларнинг ташқарига чиқишларига рухсат берганлигидир. Сербияда ушбу қонунбузарлик 12 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилишига олиб келиши мумкин.

Фото: Сербия. EPA-EFE/ANDREJ CUKIC

Европа мамлакатлари ҳукуматларининг ҳаракатлари шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар, биринчи навбатда, аҳоли орасида вақтинчалик жорий қилинган чораларни тушунтириш ва қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган бўлади, лекин уларни бузганлик учун қатъий чоралар кўрилиши таъкидланиб борилади. Бундан қабул қилинган чекловларга инсоний муносабтни шакллантириш ва ҳар бир кишининг ҳуқуқий онгини юксалтириш мақсади кўзланади.

Осиё мамлакатларида ҳам қатъий чоралар назарда тутилган. Корея Республикасида шифохонага ётқизиш ва карантин чораларини бузганлик учун 10 миллион вонгача (қарийб 8,2 минг доллар) жарима солиш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Февраль ойи охирида Жанубий Корея коронавирусга қарши курашиш учун қонунларга тузатишлар киритди. Карантинни бузганлиги учун беморларга 2,4 минг доллар миқдорида жарима солинган, аммо қонунларга киритилган ўзгартиришлар кучга киргандан кейин санкциялар кучайтирилди. Энди қонунбузар фуқароларни бир йилгача қамоқхонага юбориш мумкин бўлади, шу билан бирга, улар 8,2 минг долларгача жарима тўлашга мажбур бўлишади.

Фото: Жанубий Корея. Yonhap

Бирлашган Араб Амирликларида карантин режимини, хусусан, 14 кунлик карантинни бузганлик учун айбдор шахс беш йилга озодликдан маҳрум қилинади ва 13 мингдан 27 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилади.

Сингапурда юқумли касалликлар тўғрисидаги қонунни бузганлик учун 10 минг Сингапур доллари (тахминан 7 минг AҚШ доллари қиймати) миқдорида жарима белгиланади ва шу билан бирга, 6 ойлик қамоқ жазоси ҳам кўзда тутилган.

Ҳиндистонда ҳам қатъий чоралар кўрилиши белгиланган. Карантинни бузганлик учун икки йиллик қамоққа қўшимча равишда, биринчи бўлиб Маҳараштра штатининг ҳокимлиги ва ундан кейин бошқа бир қатор штатлар жорий қилганидек, ўзини яккалаш режимида бўлиши шарт бўлган шахсларнинг чап қўлига ўчирилмайдиган муҳр қўйила бошланди. Бундай муҳрланган шахслар кўчада ва бошқа жойларда пайдо бўлса, улар зудлик билан қамоққа олинади.

Фото: Ҳиндистон

Лотин Aмерика мамлакатларида март ойи охиридан бошлаб комендантлик соатлари жорий этилди. Жумладан, Панама ҳукумати томонидан номаълум муддатгача тўлиқ карантин жорий этилди. Фуқаролар ҳаракати ва оммавий тадбирлар чекланди. Комендантлик соати кечки соат 17:00 дан тонгги 5:00 гача қилиб белгиланди. Ушбу талабларни бузиш ҳолатлари қамоққа олинишга сабаб бўлиши мумкин.

Aргентинада карантин режимининг бузилиши 3 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига ва 100 минг Aргентина песо (1,6 минг AҚШ доллари) миқдоридаги жарима солинишига сабаб бўлади. «Ваколатли ҳукумат томонидан эпидемиянинг тарқалиши ва ёйилишига қарши кураш чоралари» ни бузганлар, олти ойдан икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Фото: Аргентина. mbs.news

МДҲ мамлакатларида ҳам қатъий тақиқлар ўрнатилган. Россия Федерациясида карантин режимини бузганлик учун жарима 4 минг рубль, такрорий жавобгарликка тортилиш асоси билан — 5 минг рубли миқдорини ташкил этади. Масалан, 11 апрель куни Москвада ижтимоий мулоқот масофасини (камида 1,5 метр оралиғида) сақламаганлик учун 1358 киши жаримага тортилди. Қоидабузарлар гуруҳ бўлиб йиғилишган, шунингдек, ҳеч қандай асосли сабабсиз (дўконга, дорихонага, поликлиникага бориш, ит билан айланиш, ахлат ташлаш каби) кўчаларда бўлишган. Ўз навбатида, ҳукуматнинг расмий вакиллари карантинни бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш мақсадида, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Фото: Россия. Andrei Nikerichev / Moskva News Agency

Украинада, агарда шахс томонидан карантин ҳудудини тарк этганлик аниқланса ёки унинг хатти-ҳаракати касаллик тарқалишига сабаб бўлса, бундай ҳолатлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади. Бунда ҳуқуқбузар 1,7 минг гривен миқдорида жаримага тортилади ёки ярим йилгача қамоққа олинади ё камида беш (ва кўпи билан саккиз) йил озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Украина, худди Ўзбекистон Республикаси сингари, қатъий таъқиқларни жорий қилди ва ички ишлар ходимларининг ваколатларини кенгайтирди, бу ҳолат эса айрим аҳоли вакилларинингэътирозига ҳам сабаб бўлди. Бироқ, бу чоралар талаб ва зарурат натижасида татбиқ этилди. Худди шундай, Харьковдаги инсон ҳуқуқлари гуруҳи Украина жамиятининг хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, карантин чекловларини ўринли ва мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Фото: Украина. Kostyantyn Chernichkin

16 мартдан бошлаб Қозоғистон ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилди. 19 март кунидан Олма-Ота ва Нур-Султон шаҳарлари карантинга ёпилди. Бундан ташқари, Нур-Султон расмийлари коронавирус билан касалланганлар яшайдиган уйларнинг кириш йўлаклари, яъни подъездларни карантинга ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. 30 мартдан бошлаб эса Қозоғистоннинг яна 6 та шаҳри: Атирау, Абай, Темиртау, Сарань, Шахтинск и Караганда карантинга ёпилди.

Шунингдек, барча жамоат жойлари ҳам ёпилди. Аҳолига зарурат бўлмаса, уйдан чиқмаслик тавсия этилди. Озиқ-овқат ёки дори-дармон сотиб олиш учун, шунингдек, тиббий ёрдам зарур бўлсагина, ташқарига чиқишга рухсат берилади. Уч кишидан ортик бўлган гуруҳларда йиғилмаслик тавсия этилди, бир оиланинг аъзолари бу ҳолатдан мустасно. 65 ёшдан ошган кишиларга уйдан чиқмаслик буюрилди.

Хусусан, Қозоғистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ўз ваколатлари доирасида транспорт воситаларининг маршрутларини белгилаш ва карантин чекловларининг бажарилишини назорат қилиш мақсадида,фуқаролар ҳужжатларини текшириш, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш ҳуқуқи берилди. Бу ҳаракат давлатга карантин қоидаларини бузган шахсларни аниқлаш ва фуқароларни инфекция хавфидан ҳимоя қилиш учун ёрдам ҳисобланади.

Фото: Қозоғистон. Андрей Халин

Шундай қилиб, карантин шароитида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига карантин қоидабузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун вақтинчалик ихтиёрий ваколатлар берилганлигини кўриш мумкин. Шу муносабат билан, бундай тадбирларнинг холислиги ва самарадорлиги борасида жуда кўп тортишувлар юзага келмоқда. Бироқ, дунё мамлакатларидаги оғир эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда кўрилаётган қатъий чоралар тўла асосли бўлиб, бу чоралар мамлакат ва умуман дунё аҳолисининг манфаати ва соғлигини ҳимоя килишга қаратилгандир.

Коронавирус пандемияси барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси учун ҳам оғир синовдир. Ушбу оғир дамларда барчамиз — оддий фуқародан тортиб давлат аппарати вакилларигача, ягона умумий мақсад учун, яъни инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва давлат томонидан белгиланган талаб ҳамда чекловларга қатъий риоя килиш учун бирлашмоғимиз лозим.

Исламбек Рустамбеков — Тошкент давлат юридик университети проректори, ю.ф.д., проф.

Шохжаҳон Хўжаев — Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори