Май ойидан бошлаб пенсия ва нафақалар тўлиқлигича банк карталарига ўтказилади. Ушбу қарор Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинди, дея хабар берди «Koronavirus Info» телеграм канали.

Хабарда айтилишича, ушбу қарор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра қабул қилинган ва республикадаги эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар давом этади.

«Мазкур қарорни қабул қилишдан асосий мақсад пенсионер ва нафақа олувчиларнинг соғлиғини сақлаш ва коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган. Тиббиёт ходимларининг хулосаларига асосан, ушбу касаллик ёши катта, сурункали касалликка йўлиққан, иммунитети заифлашган одамларда оғирроқ кечади», — дейилади хабарда.

Маълумотга кўра, нақд пулда коронавирус қўзғатувчи қатор бактерия ва номаълум инфекциялар мавжуд бўлиб, улар узоқ муддат (4−5 кун давомида) сақланиб қолади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жами пенсия ва нафақа олувчилар сони 3 млн. 734 минг 237 тани ташкил этади. Пенсия ва нафақа тарқатиш учун эса АТ Халқ банкининг 4 минг 355 та ходимлари, 600 дан ортиқ автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ҳамда Марказий банк Инкассация хизматининг 1 000 дан ортиқ ходимлари жалб этилган. Ушбу жараёнга 1 090 та ички ишлар идоралари ходимлари ҳам бириктирилган.

«Нақд пул шаклида пенсия ва нафақаларни олиш ва тарқатиш жараёнида қарийб 4 млн. одамларнинг ўзаро мулоқоти республикада коронавирус инфекцияси тарқалиши хавф-хатарини кескин ошириб юборади ва коронавирус тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир кўрсатади», — дейилади Марказий банк ахборотида.

Марказий банк пенсия ва нафақаларни банк карталарига ўтказиш карантин чекловлари ҳисобланишини таъкидлаган. Республика махсус комиссия қарорида пенсия ва нафақаларни банк карталари орқали бериш республикадаги эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар амал қилиши ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидаги савдо нуқталарини тўлиқ тўлов терминаллари ва нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар билан таъминланиши назарда тутилган.