Bill & Melinda Gates Foundation Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) молиялаштириш миқдорини 250 миллион АҚШ долларигача оширади. Бу ҳақда жамғарманинг расмий сайтида маълум қилинди.

«Бу ноёб ҳолатдир ва биз бу ҳолатга кўмаклашишга қодирмиз. [Шу муносабат билан] бугун биз [ЖССТга] 150 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ ажратилишини эълон қиламиз, бу бизнинг умумий мажбуриятимизни 250 миллион доллардан кўпроққа етказади», дейилади хабарда.

Жамғарма асосчиси Мелинда Гейтснинг айтишича, ЖССТ «ушбу пандемия билан кураша оладиган ташкилот». Шунинг учун ҳам бу маблағлар ЖССТга коронавирус пандемиясининг янги тарқалишини бартараф этиш, даволаш, вакциналар ва соғлиқни сақлаш тадбирларини ривожлантиришни жадаллаштириш учун йўналтирилишини маълум қилди.

Microsoft таъсисчиси миллиардер Билл Гейтс АҚШ президенти Дональд Трампнинг ЖССТни молиялаштиришни тўхтатиш ҳақидаги буйруғини қоралаб, бу қарорни «пандемия пайтида [қабул қилиш] мутлақо маъносиздир», дея Reuters агентлигига телефонда берган интервьюсида айтиб ўтди.

Bill & Melinda Gates Foundation Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг АҚШдан кейин иккинчи йирик донори ҳисобланади. Мазкур эълонга қадар жамғарманинг молиялаштириш миқдори 100 млн долларни ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маъмуриятига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) молиялаштиришни вақтинча тўхтатишни буюрганди. У ўз қарорини ЖССТ коронавирус ҳақида ўз вақтида маълумот бермагани ва ҳақиқатни дунё ҳамжамиятига етказмагани билан асослаган.