Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 апрель куни кимё, агротехника ва автомобиль саноати корхоналарида ишлаб чиқариш суръатларини таъминлаш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда кимё саноатининг бугунги ҳолатига танқидий баҳо берилди. Қайд этилишича, жорий йилда 9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 280 миллион долларлик экспорт режалаштирилган. Бунга эришиш учун «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тармоқдаги корхоналар фаолиятига кўмаклашиб, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши зарурлиги таъкидланди.

Хусусан, яқин бир ойда «Навоийазот» акциядорлик жамиятидаги поливинилхлорид корхонаси қувватини 90 фоизга етказиш, азот кислотаси ишлаб чиқариш лойиҳасини фойдаланишга топшириш вазифаси қўйилди.

Ҳозирги эпидемиологик вазият боис тозалаш ва дезинфекция воситаларига талаб ошган. Хусусан, қўшни давлатлардан 2 минг тонна гипохлоритга буюртма келиб тушган. Шунингдек, тоғ-кон металлургия саноати учун муҳим бўлган цианид тузларига ҳам эҳтиёж ортмоқда.

Шу боис имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд қувватларни модернизация қилишга қаратилган янги лойиҳалар тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ташқи бозорларда маҳсулотлар рақобатдошлигини ошириш учун транспорт харажатларини камайтириш, ҳамкор давлатлар билан келишиб, темир йўл орқали ташишда қулайликлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.