ДСҚ Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Евгений Махмудов коронавирус сабабли давлат хизматчиларининг иш ҳақини камайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

«2 йил аввал Давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг лавозим маошлари 1,7 баравар оширилган эди. Бугун Ватан учун ана шундай мушкул дамларда давлат солиқ хизмати ходимлари меҳнат самарадорлиги билан ёрдам беришга тайёр. Мамлакатда бундай оғир дамларга дош беришда биз, давлат идоралари хизматчиларидан кўра кўпроқ ёрдамга муҳтож ҳамюртларимиз бор», — дейилади хабарда.

Унинг айтишича, солиқ органлари ходимларининг аксарияти 4 миллион сўмдан зиёд бўлган иш ҳақи миқдорини камайтириш тўғрисидаги тавсияларга тушуниш ва ҳамжиҳатлик билан муносабат билдиришган.

«Давлат органлари ходимларининг иш ҳақини камайтириш бюджет харажатларини оптималлаштиришдаги адолатли ва муҳим қадам, деб ҳисоблайман. Биз четда қолишни истамаймиз. Зеро, айнан қийин вазиятларда инсон ички олами ва жамиятнинг етуклиги, бирдамлиги намоён бўлади», — дея таъкидлаган Евгений Махмудов.