Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign халқаро коалициясининг ҳаммуассиси Беннет Фриман, Ишчилар ҳуқуқлари бўйича халқаро форум ижрочи директори Жуди Герхард, Cotton Campaign координатори Эллисон Гиллга коалицияга мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланганлик учун бойкотни бекор қилиш талаби билан очиқ мурожаат йўллади.

Мурожаатда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг баъзи тармоқлари ва корхоналари коронавирус тарқалишининг оқибатларига мослашишга ҳаракат қилмоқда ва ҳукумат аҳолининг заиф қатламларига ёрдам беришга уринаётганига қарамай, мамлакат иқтисодиётини сақлаб қолиш учун қўшимча чоралар кўриш зарур.

Нозим Ҳусанов ҳукуматнинг тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда «пахта саноатида трансформацион ислоҳотларнинг янги саҳифасини» бошлашга тайёрлиги ҳақида маълум қилди. Янги саҳифага эркин ўтиш ва аҳолига муҳим ўзгаришлар тақдим этиш учун вазир коалицияни ўзбек пахтасидан бойкотни олиб ташлашга чақирди.

«Биз ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистонда ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини яхши биламиз ва яқинда амалга оширилаётган коалиция томонидан берилган муҳим тавсияларни инобатга оламиз», дейилади баёнотда.

«Шу кунларда Ўзбекистон коронавирус пандемияси туфайли аҳоли саломатлиги ва иқтисодиёт учун мисли кўрилмаган икки баравар хавфли таҳдидга дуч келди… Бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозори мисли кўрилмаган босимни бошдан кечирмоқда: республиканинг 1,5 миллиондан ортиқ фуқаролари ишсиз. Мамлакат қаттиқ яккаланиб қолгани сабабли, 150 мингга яқин ишчи ишсиз қолди, 140 мингдан ошиқ фуқаролар — ватанига доимий даромадсиз қайтган меҳнат муҳожирлари, 200 мингдан ортиқ оила қашшоқлик остидадир», — деди Нозим Ҳусанов.

«Давлат корхоналари, хусусий сектор ва бутун меҳнат бозори иложи борича янги шароитларга мослашишга ҳаракат қилмоқда, аммо миллий иқтисодиётга жуда зарур бўлган янги иш ўринларини яратиш учун кўп куч сарфлаш керак. Шундай қилиб, сизнинг пахта бойкотини бекор қилиш тўғрисидаги қарорингиз ҳал қилувчи бўлиши мумкин», — дея таъкидлади меҳнат вазири.

Тўқимачилик саноати иш билан таъминлашнинг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Қарийб 7000 та корхонада 200 мингдан ортиқ ишчилар меҳнат қилади, бу деярли 1 миллион кишини барқарор даромад билан таъминлайди. «Бизнинг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўзбек пахтасидан бойкотнинг олиб ташланиши тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини икки баравар ошириши мумкин ва бу жуда зарур иш ўринларини яратади», — дейилади мурожаатда.

«АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортни қайта тикланиши ҳам COVID-19 коронавирус пандемиясига қарши глобал курашда муҳим роль ўйнаши мумкин. Ўзбекистондаги тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари қисқа вақт ичида шахсий ҳимоя воситаларини (ШҲВ) ишлаб чиқаришни ўн баравар оширишга эришдилар. Агар улгуржи ва чакана сотувчилар бойкотдан қўрқмаслик кераклигини билсалар, ўзбек матоларидан тайёрланган ниқоблар, жарроҳлик халатлар ва бошқа турдаги шахсий ҳимоя воситалари глобал танқисликни ҳал қилишда ёрдам беради», — деди Нозим Ҳусанов.

«Умид қиламизки, бойкотни тугатиш тўғрисидаги илтимосимизни фуқароларимизга оғир кунларда ўзларининг тириклигини таъминлаш ва келажакка катта умид билан қарашга имкон берадиган ўзбек халқи билан бирдамлик ҳаракати сифатида кўриб чиқасиз», дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Cotton Campaign («Пахта кампанияси») — бу пахта саноатида мажбурий меҳнатга чек қўйиш учун бирлашган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, касаба уюшмалари, ижтимоий масъул сармоядорлар ва бизнес уюшмаларининг коалициясидир. Мазкур ҳаракат 2007 йилдан ўз фаолиятини олиб боради ва унга Европа ва АҚШнинг кўплаб етакчи савдо белгилари ва компаниялари киради.